Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде билан учрашди.
Унда мамлакатимизда демографик ўсишнинг ижобий имкониятлари, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш ҳамда давлатимиз ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Аёллар учун қулай меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг иш ва оилавий масъулиятини мувозанатли олиб бориш бўйича халқаро тажриба ва илғор амалиётни ўрганиш зарурати алоҳида таъкидланди.
Гендер тенглик масаласида фақат статистик кўрсаткичлар эмас, балки амалий ўзгаришлар муҳимлиги қайд этилди. Бу борада аёллар ва қизларнинг салоҳиятини кенг қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда малака ошириш учун ўқув дастурларини йўлга қўйиш масаласида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Н.Абасзаде Ўзбекистонда қизлар учун таълим имкониятларининг кенгайиб бораётгани ва бу келажак учун энг тўғри инвестиция эканини алоҳида эътироф этди.
Рақамли зўравонликка қарши қонунчиликни такомиллаштириш, онлайн зўравонликка қарши аниқ ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Сенат ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг 2025 - 2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА