Бугунги кунда Ўзбекистон дунёга очилмоқда, туризм салоҳияти кенгаймоқда ва республикамизнинг ҳар бир ҳудудининг ўзига хос табиати ва анъаналари мавжуд бўлиб, уларни жаҳон миқёсида машҳурликка эришишида албатта ҳудудий брендларни ривожлантириш ва уни шу ҳудуд билан боғлиқлигини кўрсатишда интеллектуал мулк объектларнинг бир тури бўлган географик кўрсаткичларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади.
Географик кўрсаткич — бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослиги ва унинг сифати, машҳурлиги ёки бошқа белгилари ўша ҳудуднинг табиий, инсоний ва тарихий омилларига чамбарчас боғлиқ бўлганлигини ифодаловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади. Ушбу рўйхатга олиш жараёни Адлия вазирлигининг кўмагида амалга оширилади.
Географик кўрсаткичлар халқаро амалиётда кенг тарқалган бўлиб, хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар иштирок этувчи 1994 йилда имзоланган Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари бўйича битимида (ТРИПС) ҳам ўз аксини топган. 2015 йили қабул қилинган Келиб чиққан жой номи ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева акти эса ушбу муносабатларни тартибга солувчи махсус халқаро шартномалардан бири ҳисобланади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Европа Иттифоқига кирувчи давлатларда 3000 дан ортиқ, Россия Федерациясида 230 дан ортиқ географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номлари рўйхатдан ўтказилган. Бундан ташқари, Испанияда биргина гўшт бўйича 16 та географик кўрсаткич, Грузияда эса вино бўйича 20 га яқин географик кўрсаткичлар рўйхатдан ўтказилган.
Мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 5 та шундай интеллектуал мулк объектлари Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган, шу жумладан “Зомин тандир гўшти”, “Марғилон адраси”, “Марғилон атласи”, “Қўқон пичоқлари” ва “Ғиждувон шашлик”.
Эндиликда эса, Андижон вилоятининг ҳунармандчилик анъаналари, каштачилик мактаби ва маданий рамзларига асосланган "Андижон дўпписи" Сўқоқ тоғларида ўсадиган халқ тилида "мадор" номи билан танилган ўсимлик ёки исмалоқдан тайёрланиши, бетакрор таъми ва хамирининг ўзига хос усулда тайёрланиши билан ажралиб турадиган "Сўқоқ сомсаси" ва Хоразм вилоятига хос бўлган “Тухум барак” миллий таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида Адлия вазирлиги маълумот берди.
Географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказиш учун қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига муайян географик объектда жойлашган ва ушбу объектнинг номидан ўзи ишлаб чиқараётган товарни белгилаш учун фойдаланаётган бир неча юридик ёки жисмоний шахс талабнома топширишлари мумкин.
Талабнома Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади ва натижаси бўйича географик кўрсаткичдан фойдаланиш бўйича гувоҳнома берилади ҳамда гувоҳноманинг амал қилиш муддати унинг эгаси томонидан берилган аризага кўра ҳар сафар 10 йилга узайтирилиши мумкин.
Географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказишни хоҳловчи ишлаб чиқарувчилар сони кўпайиши минтақавий брендларни ривожлантиришга хизмат қилади ва ишлаб чиқарувчилар географик кўрсаткич билан ҳимояланадиган қўшимча қийматга эга ўз маҳсулотини сотишдан катта фойдага эга бўлади.
Шунингдек, ҳудудларга туристик оқимининг кўпайишига, “гастрономик туризм”ни ривожлантиришга ва умуман, ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3MYuZ0grONA?si=q-lw5aLDCwrauJyF" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, А.Аҳмедов,ЎзА