Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида миллий якка кураш усули сифатида пайдо бўлган турон спорт тури бўйича халқаро федерацияга асос солинди. Мазкур халқаро ташкилот бош қароргоҳи Америка Қўшма Штатлари Нью-Йорк шаҳрида фаолият юритади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри спорт бошқармасида бўлиб ўтган таъсис конференциясида эълон қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Осиё турон яккакураши ассоциацияси, мамлакатимиз турон федерацияси мутасаддилари, мураббий ва спортчилар, шунингдек онлайн тарзда Америка Қўшма Штатлари, Канада, Буюк Британия, Ҳиндистон, Латвия, Туркия, Покистон, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистондан делегатлар иштирок этди.

1991 йил асос солинган Турон яккакураши тарихи Амир Темур даврига бориб тақалади. Ушбу спорт турининг замонавий қоидаси марҳум Баҳодир Саидов томонидан ишлаб чиқилган. Бу фидойи мутахассис аҳоли, хусусан ёшлар орасида туронни оммалаштириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширган.
Ўтган давр мобайнида турли даражадаги ички ва халқаро мусобақалар ўтказиш йўлга қўйилди, кўплаб давлатларда миллий федерацияларга асос солинди, Осиё турон яккакураши ассоциацияси ташкил этилди. Афсуски, сўнгги йилларда мазкур спорт тури ривожи ва оммавийлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракат муайян сабабларга кўра сустлашди.

Яқинда бир гуруҳ фидойилар йиғилиб, туроннинг халқаро майдондаги обрўсини тиклаш, жаҳоннинг йирик спорт анжуманлари дастурига киритиш мақсадида халқаро ташкилот тузиш таклифини илгари суришди. Спорт вазирлиги ва мамлакатимиз турон федерацияси масъуллари, мураббийлар, мутахассислар, хорижий давлатларда мазкур ўзбек спорт тури анъаналарини сақлаб келаётган жонкуярлар Халқаро турон федерациясини тузиш, ташкилот низомини ишлаб чиқиш, раҳбар органини сайлаш каби қатор муҳим масалаларни муҳокама қилишди. Билдирилган фикр, мулоҳаза ва таклифлардан келиб чиқиб, тегишли низом, федерация рамзи ва раҳбарлари сайлаб олинди.
Овоз бериш натижасига кўра, Фаррух Ниязимбетов Халқаро турон федерацияси президенти этиб сайланди. Унинг зиммасига федерация аъзолари рўйхатини шакллантириш, Нью-Йоркда янги ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек тез орада Тошкент шаҳрида турон бўйича биринчи тарихий жаҳон кубоги мусобақасини ўтказиш вазифаси юкланди.

Отабек Эшмаматов, ЎзА