Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025-2028 йилларда мебель ва ёғочсозлик саноатини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мебель ва ёғочсозлик саноатининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2025-2028 йилларда мебель ва ёғочсозлик саноатини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. 

Улар: 

а) мебель ва ёғочсозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга ошириш;

б)  экспорт ҳажмини 100 миллион АҚШ долларига етказиш; 

в) умумий қиймати 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш; 

г) соҳада 50 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлашдан иборат. 

Қарорга кўра, 2029 йил 1 январга қадар мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божи 1 фоиз ставкада қўлланилади. 

2025 йил 1 июлдан бошлаб ўз хонадонида фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркорларга мебель маҳсулотларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади. 

Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан: 

а) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўз мебель маҳсулотлари билан халқаро кўргазмаларда иштирок этишида бир корхона учун амалдаги ижара харажатлари қопланадиган майдон ҳажмини ошириш; 

б) мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан муҳандис-технолог, лак ва бўёқ сепиш устаси, дизайнер каби хорижий мутахассислар жалб қилинганда уларнинг иш ҳақи бўйича харажатларни қоплаш; 

в) тайёр мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун халқаро сертификатларни (ISO, СЕ, BIFMA, ОЕКО-Тех Standard 100, Greenguard каби) олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш; 

г) 2025 йил 1 июлдан бошлаб 2027 йил 1 июнга қадар мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш бўйича (CRM, ERP, PLM каби) ахборот тизимларини жорий этиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади. 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги иш ўринларини яратиш, сақлаб қолиш, бренд яратиш, логистика, маркетинг каби йўналишларда самарадорликни оширишга кўмаклашиш мақсадида мебель ва ёғочсозлик саноати тармоғидаги тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ҳамда уларни ўқитиш учун хорижий мутахассисларни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жалб қилинади. Хорижий мутахассисларни жалб қилиш хизмати бўйича харид қилиш тартиб-таомилларини электрон шаклда ўтказмасдан амалга оширишга рухсат берилади. 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Касбий кўникмалар марказларида тадбиркорлик субъектлари талабномасига кўра хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилган ҳолда мебель ва ёғочсозлик саноати йўналишида қисқа муддатли малакавий тайёрлов курслари (шу жумладан, дуал таълим асосида) йўлга қўйилади. Ўқитиш харажатларининг 60 фоизи Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. 

Савдо-саноат палатаси ҳамда "Ўзбекэкспертиза" АЖ томонидан 2025 йил 1 июлга қадар давлат харидларида иштирок этаётган мебель ва ётоғсозлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари хатловдан ўтказилади ҳамда 2025 йил 15 августдан бошлаб мебель ва ёғочсозлик маҳсулотларининг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини аниқлаш бўйича "Ўзбекэкспертиза" АЖ томонидан тўлов ундирилмасдан экспертизадан ўтказиш, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат ёки эксперт хулосасини расмийлаштириш амалиёти жорий этилади. 

ЎзА