Ўзбекистон Европа илғор углерод ва графит материаллари уюшмасининг (ECGA) тўлақонли аъзосига айланди. Бу орқали мамлакат глобал графит саноати марказига Марказий Осиёдаги илк давлат сифатида қўшилди.
Белгия пойтахти Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон технологик металлар комбинати бошқарув раиси ўринбосари Амир Абидов халқаро ҳамжамиятга комбинатнинг илмий-тадқиқот ишлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказди. Технологик металлар комбинатининг илмга асосланган ёндашуви ва минтақавий етакчилик позицияси ECGA аъзолари томонидан юксак баҳоланди.

– Агар биргаликдаги ҳамкорлигимиз изчил давом этса, бу Европа Иттифоқи учун стратегик ресурслар таъминотида муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу платформа технологик тараққиёт, саноат интеграцияси ва билим алмашинуви борасида катта имкониятлар яратади, – дейди уюшма бош котиби Корина Хебестрейт.

Ушбу уюшмага аъзолик Ўзбекистонга Европанинг етакчи илмий марказлари билан ҳамкорлик, графит ва углерод технологияларини Ўзбекистонга трансфер қилиш, халқаро малака дастурларида иштирок этиш, R&D ва яшил технологиялар йўналишида тажриба алмашинуви каби имкониятларни тақдим этади.
Маълумот учун: ECGA – 33 мамлакат вакилларини бирлаштирган нуфузли платформа бўлиб, графит ва углерод материаллари соҳасида илғор технологиялар, илмий марказлар ва ишлаб чиқарувчиларни бир жойга жамлайди.
ОКМК Ахборот хизмати