Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб фаолияти ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Академик хаб фанлараро платформа доирасида таълим, илмий-тадқиқот ва тиббиёт муассасаларини бирлаштирган давлат таълим муассасаси ҳисобланади. 

Академик хабда болалар онкологияси ва гематологияси соҳасида қайта тайёрлаш, малака ошириш, клиник ординаторлар ва олий таълимдан кейинги таълим институтида тиббиёт ходимларини тайёрлаш амалга оширилади.

Марказ Академик хабнинг муассиси ҳисобланади. 

Ўқув жараёни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилади ва етакчи халқаро университетлар клиникалари Академик хабнинг таълим қисми бўйича бошқарувчи шерик ҳисобланади. 

Хабни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга белгиланган намунадаги сертификат (диплом) берилади. Ушбу сертификатга эга бўлган давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритувчи тиббиёт ходимларига уларнинг базавий тариф ставкаси (лавозим маоши)нинг 100 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама тўланади. 

Академик хаб ходимларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади. 

Бунда Академик хаб директорига - олий таълим муассасаси ректори учун, унинг ўринбосарларига — олий таълим муассасаси проректори учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади.

Академик хабнинг асосий вазифалари: 

мутахассислар, олимлар, тадқиқотчиларни тайёрлаш (олий таълимдан кейинги таълим), қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; 

янги клиник ва илмий тадқиқотларни жорий этиш, миллий, минтақавий ва халқаро инновацион тизимларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида онкология, гематология, иммунология ва педиатрия соҳасида фанлараро тадқиқотларни амалга ошириш; 

инновацион ҳужайра технологиясини ривожлантириш, болаларда онкологик, гематологик, иммунологик ва бошқа касалликларни даволаш учун биотиббиёт ҳужайра маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва клиник амалиётга жорий этиш; 

етакчи тиббиёт университетлари ва ихтисослаштирилган муассасалар томонидан қўлланиладиган илғор таълим дастурлари, инновацион педагогик усуллар ва технологияларни ишлаб чиқиш, мослаштириш ва жорий этиш;

илмий-тадқиқот ва амалий билимларни интеграциялаш, фаолиятни кластер тамойили асосида ташкил этиш, академик ва касбий тажриба алмашиш, таълим ва илм-фан интеграциясини жорий этиш; 

Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг хорижий, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, шунингдек, тиббиёт илмий марказларини бирлаштирувчи бўғин бўлиб хизмат қилувчи самарали платформани яратиш;

илмий ва таълим жараёнларини бошқаришнинг энг самарали тизимини яратиш, чет эллик илмий экспертларни жалб қилиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва халқаро рейтингларда етакчи ўринларни эгаллаган жаҳон тиббиёт университетлари билан стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш;

мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун узлуксиз таълим тизимини яратиш; 

тиббёт соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, улар билан биргаликда ихтисослик йўналишлари бўйича ўқув-таълим дастурларини ишлаб чиқишдан иборат. 

Академик хабда ўқув жараёни ўзбек, рус ва инглиз тилларида қисда муддатли ўқитиш дастурлари асосида маъруза, лаборатория ва якка тартибдаги машғулотлар, гуруҳларда амалий ишларни бажариш, танқидий фикрлаш, саволлар ва тажрибаларни ечиш ёрдамида ташкил этилади.

Тингловчиларни қабул қилиш параметрлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Марказ томонидан белгиланади.   

2030 йилгача ҳар йили Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун мутахассисларни ўқитиш учун камида 25 та ўрин ажратилади.

ЎзА