Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда 2025 йил якунига қадар туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти “2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзолади.

Унга мувофиқ, Ўзбекистонда 2025 йил якунига қадар туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. 

Улар:

а) республика ҳудудларига 15,8 миллион нафар хорижий туристларнинг сафарларини ташкил этиш, туризм хизматлари экспортини 4 миллиард АҚШ долларига етказиш; 

б) ички туризмни ривожлантириш ҳисобига 40 миллионта маҳаллий сайёҳларнинг ҳудудларга сафарларини ташкил этиш, қў шимча 378 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиш; 

в) республика ҳудудларида янги 108 та меҳмонхона, 375 та оилавий мех,мон уйи ва 123 та хостел қуриш, 745 та капсула ва ўтов уйлари, апарт-отель, модулли меҳмонхоналар ҳамда 12 та туризм қишлоғи ва туризм маҳалласини ташкил этишдан иборат. 

Сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш учун 2025 йил 1 июндан бошлаб Баҳрайн Қироллиги, Қувайт Давлати ва Умон Султонлиги фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим амал қила бошлайди. 

Фармонда:

а) Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ички ҳужжат ёки ID-карта, шу жумладан, 16 ёшга тўлмаган фуқароларга "киндер паспорт" билан 30 кунгача кириш режимини жорий қилиш; 

б) Америка Қўшма Штатлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 30 кунлик муддатга визасиз кириш режимини жорий қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Америка Қўшма Штатлари ҳудудига кириш учун виза талабларини енгиллаштириш юзасидан музокаралар бошлаш масалалари ҳам белгиланган.

Президент фармонида Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Корея Республикаси, Индонезия, Малайзия ва Кўрфаз араб давлатларидан хорижий сайёҳларни кўпайтириш бўйича тегишли ташкилотларга  аниқ вазифалар юклатилган.

Шунингдек, фармонга мувофиқ, 2025 йил июнь ойидан бошлаб "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туризмни ривожлантириш дастури амалга оширилади. 

Ҳар ойнинг иккинчи ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари "Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни" этиб белгиланди.

2025 йил 1 июндан бошлаб туризм соҳасига оид барча давлат электрон тизим ва платформалари Миллий туризм ягона платформаси доирасида ишлаб чиқилади.

Фармон билан: 

а) 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари; 0

б) Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2025 йилда хорижий туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича режа-жадвал; 

в) Хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини янада ошириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш ва тарғибот ишларини кенгайтириш бўйича "йўл харитаси"; 

г) 2025 йилда мақсадли бозорлардан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида туризм бизнеси вакиллари иштирокида ўтказиладиган тақдимотлар (roadshow) рўйхати; 

д) Туризм инфратузилмасини хорижий сайёҳларга мослаштириш мақсадида "Tourist friendly" (Туристларга меҳмондустлик) тизимини жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 

ЎзА