Ўзбекистон Республикаси Президенти “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ:
а) камбағал оилаларни тоифаларга ажратиш ва давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини уларнинг тоифасига қараб кўрсатиш;
б) камбағал оилаларга кўрсатиладиган давлат ижтимоий қўллаб- қувватлаш чораларини такомиллаштириш ҳамда уларнинг бандлигини чекловчи салбий омилларни бартараф этиш;
в) камбағал оилалар фарзандларининг таълим олиши, дам олиши ва соғломлаштирилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
г) оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини тизимли мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилади.
2025 йил 15 майдан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган оилалар "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга тақсимланади ҳамда уларга давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг тоифасига қараб тақдим этилади (уй-жойларни таъмирлаш-тиклаш ва мослаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар бундан мустасно).
Бунда:
а) "қизил" тоифага - оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар:
аъзоларининг камида бир нафари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмаган оила;
арваришга муҳтож аъзоси, шу жумладан, ногиронлиги мавжуд фарзанди бўлган оила;
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ёхуд ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсдан иборат бўлган оила;
боқувчисини йўқотган ёки боқувчиси жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила;
б) "сариқ" тоифага - оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган ҳамда аъзолари соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган оилалар;
в) "яшил" тоифага - оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган ва қуйидаги мезонларнинг бирига жавоб берадиган оилалар киритилади:
оила "қизил" ёки "сариқ" тоифадан чиқарилган бўлса;
оиланинг Камбағал оилалар реестрига киритилиши эҳтимоли юқори бўлса.
2025 йил 1 июндан бошлаб қонунчилик ҳужжатларида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар учун белгиланган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади, 2026 йил 1 январдан бошлаб эса фақат Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга кўрсатилади.
2025 йил 1 июндан бошлаб "қизил" тоифага киритилган оилаларнинг "аъло" баҳоларга ўқиган талаба қизларига Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан базавий стипендиянинг икки баравари миқдоридаги махсус стипендия тўланади.
2026 йил 1 январдан бошлаб камбағал оилаларнинг "аъло" баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
ЎзА