Тошкент шаҳрида жойлашган Болалар миллий тиббиёт маркази болалар соғлиғини тиклаш йўлида яна бир муҳим ютуққа эришди. Гап шундаки, ўтган йил давомида икки нафар болага жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилгани, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида болалар трансплантологияси соҳасида илк ва муҳим босқич сифатида қайд этилди.
Бу Марказ мутахассисларининг нафақат юқори даражадаги жарроҳлик амалиётларини бажаргани, балки бутун трансплантация тизими жаҳон стандартлари асосида йўлга қўйилганини англатади.
Бунинг учун ўтган йил давомида жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган махсус жарроҳлик асбоб-ускуналари харид қилинди. Молиялаштириш масалалари ҳал қилиниб, трансплантация операциялари бемор оилалари учун бепул этиб белгиланди. Шифокорлар, ҳамширалар ва тиббий ходимлар халқаро протоколлар асосида ўқитилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жигар трансплантацияси амалиётлари юқори хавфсизликка эга бўлиб, замонавий клиник протоколларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтказилмоқда.
Марказнинг техник ва профессионал салоҳияти бундан кейин ҳам ривожлантирилиб, хорижда даволанишга муҳтож бўлган болаларни Ўзбекистоннинг ўзида даволаш имконияти кенгайтирилади.
Бундай муваффақиятли натижалар тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, халқаро ҳамкорлар ҳамда марказнинг мултидисциплинар жамоасининг қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорлик натижасидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА