Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Тошкент шаҳар Учтепа тумани 24-мавзе Ватанпарвар маҳалласи 21 ва 23-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар “Янги ҳаёт люкс” уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятидан норози бўлиб, мурожаат йўллаган эди.
Келиб тушган мурожаат асосида юқоридаги манзилда ЎзА мухбири ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар давомида “Янги ҳаёт люкс” уй-жой мулкдорлари ширкати фаолияти яхши йўлга қўйилмагани, уйларнинг техник ҳолати қониқарсиз, аҳоли мурожаатларига эса умуман эътибор қаратилмаслиги аниқланди.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида Учтепа тумани 21 ва 23-24-мавзедаги кўп квартирали уй-жойлардаги коммунал хизматлар, фуқароларга яратилган шарт-шароит кўздан кечирилиб, қатор камчиликлар аниқланди. Фуқаролар кўп қаватли уйларнинг ертўласида доим қувурлар ёрилиб, сув тошқини бўлиши, уйларнинг атрофи чиқиндилардан тозаланмаслиги, кўп қаватли уйнинг томидан ёғингарчилик мавсумида сув ўтиб, муаммо бўлаётганини билдирди.
Ўрганиш жараёнлари акс этган, ЎзАда эълон қилинган "Фуқаролар уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятидан норози: Атрофи чиқиндига тўлган уйлар, эшиги таъмирталаб бинолар, ўнқир-чўнқир йўлаклар..." сарлавҳали видеоматериал юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориш учун тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда. Жараён тафсилотлари ҳақида қўшимча маълумот тақдим қилинади.
Ш.Маматуропова, ЎзА