Мамлакатимизда асосий аҳоли қатлами кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Замон талаблари асосида уларга қулайлик ва хавфсиз шароит яратиш муҳим.
Аммо бугунги жадал ривожланиш босқичларида ҳам фаолиятини яхшилашга уринмайдиган, халқ хоҳиш-иродасини инобатга олмаётган бошқарув ташкилотлари ҳам бор.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига келиб тушган мурожаат асосида Учтепа тумани 24-мавзе Ватанпарвар маҳалласи 21 ва 23-уйда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Фуқаролар “Янги ҳаёт люкс” уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятидан норозилик билдирди. Гувоҳи бўлганимиздек, уйларнинг техник ҳолати қониқарсиз, аҳоли мурожаатларига эса умуман эътибор қаратилмайди.
– Ушбу ҳудудда 10 йилдан буён яшайман, – дейди фуқаролардан бири. – Бизга хизмат кўрсатадиган “Янги ҳаёт люкс” уй-жой мулкдорлари ширкати ўз вазифаларини бажармайди. Фақат пул йиғиш билан овора. Ушбу ширкатнинг бирор жойни таъмирлаганини, кўп қаватли уйнинг атрофини тозалаганини кўрган эмасмиз. Ширкат раҳбарига бу борада кўп маротаба қўшниларимиз билан мурожаат қилганмиз. Ширкат раҳбари доим ҳисобларида пуллари йўқлигини айтиб, нолийди.
– Аслини олганда, ҳар бир ширкат шу уйда истиқомат қилувчи аҳоли билан биргалашиб, келаси йил қилиниши керак бўлган ишларни режалаштириши, шу режадан келиб чиқиб, кетадиган харажатлар сметасини тузиши керак эмасми!? Бизга хизмат кўрсатаётган “Янги ҳаёт люкс” уй-жой мулкдорлари ширкатига ҳар ой тўлаётган пулларимиз қаерга кетаётганини кимдир назорат қиладими? Шу пайтгача йил охирида тўпланган пул, қилинган ишлар ва харажатлар бўйича аъзоларга ҳисобот берилмаган, – дейди шу манзилда яшовчи фуқаролардан яна бири.
Ўрганиш жараёнида Учтепа тумани 21 ва 23-24-мавзедаги кўп квартирали уй-жойлардаги коммунал хизматлар, фуқароларга яратилган шарт-шароит кўздан кечирилиб, қатор камчиликлар аниқланди. Фуқаролар кўп қаватли уйларнинг ертўласида доим қувурлар ёрилиб, сув тошқини бўлиши, уйларнинг атрофи чиқиндилардан тозаланмаслиги, кўп қаватли уйнинг томидан ёғингарчилик мавсумида сув ўтиб, муаммо бўлаётганини билдирди.
Хонадонлар эгаларининг айтишича, бу бўйича туманда бормаган ёки мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаган. Ҳатто, ўзлари пул йиғиб, ертўлани ва кўп қаватли уйлар атрофини ёлланма ишчиларга тозалатган пайтлар бўлган.
Дарҳақиқат, кўп қаватли уйларнинг атрофи чиқиндига тўлган, юриш йўлакларидаги қопламалар ёрилган, бино эшиги таъмирталаб аҳволда, ҳовлидаги йўлаклар ўнқир-чўнқир, таъмирталаб. “Янги ҳаёт люкс” уй-жой мулкдорлари ширкати ишчиларининг эътиборсизлиги туфайли ҳовлидаги баъзи ёритиш чироқлари ёнмайди.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/fNb-pzNYHkQ" title="Fuqarolar uy-joy mulkdorlari shirkati faoliyatidan norozi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳолатни ўрганиш жараёнида иккинчи томон, яъни “Янги ҳаёт люкс” уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбарига бир неча бор қўнғироқ қилиб, базўр боғландик. Ширкат раҳбари иш билан шаҳардан узоқроққа чиқиб кетганини маълум қилиб, ишчи-ходимларидан бирини юборишини айтди. Бироқ кўп кутишимизга қарамасдан айтилган ходим келмади...
Ушбу кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолини қийнаб келаётган масала юзасидан тегишли ташкилотлардан расмий муносабат кутиб қоламиз. Шунингдек, уйларнинг техник ва санитар ҳолати тегишли тартибда ўрганиб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА