Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида муҳандислик ва IT соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган давлат олий таълим муассасаси шаклида Ал-Хоразмий университети ташкил этилади.
Университетнинг асосий фаолият йўналишлари:
а) математика, аэрокосмик технологиялар, муҳандислик, IT ва сунъий интеллект соҳалари учун замонавий билим ва малакага эга олий маълумотли кадрлар тайёрлаш;
б) ўқув-тарбия жараёнини илғор педагогик ва замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жаҳоннинг етакчи университетларида жорий этилган таълим технологиялари ва усуллари асосида ташкил этиш;
в) талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, билимини амалий тажрибалар орқали мустаҳкамлаш, ўқув материалларини самарали ва пухта ўзлаштиришга хизмат қиладиган ҳар томонлама қулай таълим муҳитини шакллантириш;
г) ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, чет эллардаги нуфузли, тан олинган илмий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш;
д) таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнлари интеграцияси асосида янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ҳамда илмий янгиликларни амалиётга жорий этишга хизмат қиладиган инновацион экотизимни шакллантиришдан иборат бўлади.
Таълим жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади ҳамда талабаларни ўқитиш давлат ва инглиз тилларида кредит-модуль тизими асосида олиб борилади.
Университетда таълим жараёни Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади.
В.И.Романовский номидаги Математика институтининг Урганч филиали фаолияти Университет биносида ташкил этилади ҳамда ҳар бир илмий ходимга талаба бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.
Университетга Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий мажмуаси ҳудудидан кампус қуриш учун зарур ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади.
ЎзА