Давлат хизматлари марказлари – Ўзбекистонда барча хизматларни бир жойда кўрсатишга мўлжалланган, барча қулайликлар яратилган тизим. Ушбу соҳада аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сони йилдан йилга кўпайтирилмоқда ва қулайлаштирилмоқда.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат хизматлари марказида ҳимояга муҳтож аҳолига давлат хизматларини қулай шаклда кўрсатиш кўламини ошириш ҳамда амалда уларга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳасига старт берилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда адлия вазири Aкбар Тошқулов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риемпа, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, миллий ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Лойиҳада инклюзив ва фойдаланувчиларга йўналтирилган давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, рақамлаштириш орқали илғор технологиялар ва амалиётларни интеграциялаш каби мақсадлар қўйилган.
Давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини камайтириш орқали хизматларни автомат шаклга ўтказиш, проактив хизматларни кенгайтириш, сунъий интеллектни жорий қилиш ҳамда аҳолининг ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имкониятларини оширишга доир тадбирлар амалга оширилади.
Ушбу мақсадларни амалга ошириш орқали давлат хизматларини кўрсатиш жозибадорлиги ошади. Имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулай муҳит яратилади.
Айтиб ўтиш керакки, Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда амалга оширилган 2019-2024 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳасининг биринчи фазаси муваффақиятли якунланди. Лойиҳа доирасида ФҲДЁ далолатнома ёзувлари рақамлаштирилди, хизматларни реал вақт режимида мониторинг қилиш бўйича Ситуацион марказ ишга туширилди, ҳудудларда ходимларнинг салоҳиятини ошириш бўйича бир қанча тренинглар ўтказилди. Давлат хизматлари марказларида инклюзив муҳит яратилгани имконияти чекланган шахслар учун давлат хизматларидан фойдаланишда тенг имкониятларни таъминлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА