Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хивада “Ипак йўли” Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилди

“Arda Xiva” туризм комплексида Хоразм вилоят ҳокимлиги, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ва “Beauty” академияси ҳамкорлигида воҳада илк маротаба “Ипак йўли” Ўзбекистон очиқ чемпионати уюштирилди.

Чемпионатга бежизга бундай ном берилмаган. Чунки, “Буюк ипак йўли”  қадимда Шарқ билан Ғарбни боғлаб турган савдо йўли сифатида маданий қадриятлар алмашишда ҳам катта аҳамият касб этган.  

Гўзаллик ва нафосат мусобақасида 70 дан ортиқ Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядан келган сартарошлар қатнашди.  

– Мазкур чемпионатни ташкил этишдан асосий мақсад  ёшлар орасида замонавий касбларни тарғиб қилиш, улар орасида кўрик-танлов ва лойиҳаларни ташкил этиб, истеъдодларнинг юзага чиқишига кўмаклашишдир, – дейди Хоразм вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Тимур Жуманиёзов. – “Арда Хива” туризм комплексининг очиқ майдонидаги намойиш эса йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирмоқда.

“Arda Xiva” туризм комплексида моҳир қўллар ўз маҳоратларини тўлиқ намоён қилиши учун барча шароит яратилди. Очиқ чемпионат адолатли ва шаффоф ўтиши, шунингдек, меҳмонларга завқ бағишлашига алоҳида эътибор қаратилди.

– Чемпионат юқори даражада бўлиб ўтмоқда,  – дейди соч турмаклаш бўйича халқаро тоифадаги стилист Любов Костина(Россия). – Усталар масъулятли ва профессионал. Агарда улар янада кўпроқ ҳаракат қилишса, бунданда ажойиб натижа чиқади. Чемпионат жуда гўзал ва юқори даражада ташкиллаштирилган. Бу ерда жуда кўп давлатдан иштирокчилар қатнашаётгани  баҳсларнинг халқаро даражада бўлиб ўтаётганидан далолат.  

Иштирокчилар 2 кун давомида бор маҳоратларини намойиш қилиб, ғолиблар 6 та йўналишда 18 номинация бўйича аниқланди.  

– Биз жамоамиз билан Ўзбекистонда бўлаётган очиқ профессионал чемпионатда жуда катта ҳаяжон ва завқ билан қатнашмоқдамиз, – дейди Қозоғистон Республикаси “Гўзаллик саноати” ассоциацияси вице- президенти Замира Де Клерк. – Конкурс баланд савияда ўтказилаётганига алоҳида эътибор қаратдик. Мусобақалар замонавий тарзда, ўзбек миллийлигини сақлаган ҳолда ташкил этилган. Хива жозибаси, Ўрта Осиё ранглари, стилистикаси, бинолар жуда кўркам ва тарихий. Бу жамоа қатнашчилари учун жуда муҳим, чунки биз меҳмондўст ва очиқкўнгил Ўзбекистондамиз. Биз нафақат ютиш учун, балки ўз ишининг усталаридан Шарқ маданияти услубига хос бўлган янги услубларни ўрганишга, профессионаллар билан тажриба алмашиш учун келдик.  

[gallery-22485]

Якуний натижаларга кўра, энг юқори ўринларни Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон жамоалари эгаллади.

Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари