Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу бошчилигидаги делегация Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди.
Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
[gallery-22388]
– Биз қадимий Хива шаҳрида ҳамкасбим, Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари– ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу жанобларини кутиб олишдан мамнунмиз,– деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов. – Мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик, стратегик шериклик ва кўп асрлик дўстлик ришталарини юксак қадрлаймиз. Бугун биз икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг биринчи йиғилиши баённомасини имзоладик. Бу сиёсий мулоқотимизни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш йўлидаги навбатдаги қадамдир. Қардош давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган конструктив ва самарали муҳокамалар ўтказдик.
Ташриф доирасидаги расмий тадбирлар якунлангач, делегация аъзолари қадимги Хиванинг Ичан-қалъа мажмуаси тарихий обидалари ва Нуриллабой саройини зиёрат қилди.
Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати қозоғистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари