Иккинчи мақола

Ўтган асрнинг машъум қатағон сиёсати миллатимизнинг минглаб вакилларини ўз домига тортиб, айбсиз айбдор қилди. Уларнинг устидан ноҳақ, адолатсиз қарорлар чиқарилди, кўплари навқирон ёшда қатл қилинган бўлса, минглаб ватандошимиз ўзга юртларга, оғир шароитдаги ўлкаларга сургун қилинди. Улар орасида ўз айби нима эканини билолмаган, ожиза хотин-қизлар ҳам талай эди.

Биринчи мақоламизда “ватан хоини” ёки “сотқин”га чиқарилган эрларининг ортидан қатағонга учраган аёллар ҳақида тўхталган эдик. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи экспозиция бўлими бошлиғи, қатағонга учраган аёл-қизлар қисматини ўрганиш, илмий тадқиқ этиш билан шуғулланиб келаётган мутахассис Азиза Аҳророва айбсиз айбдор қилинган турмуш ўртоғи туфайли қатағонга учраган ўзбек аёли – Тожихон Аҳмедованинг қисмати ҳақида гапириб берди:

– “Катта қирғин” даврининг минглаб бегуноҳ қурбонлари орасида хотин-қизлар ҳам бор эди. Уларнинг аксарияти турмуш ўртоғининг бўйнига илинган айбловлар оқибатида сургунга учраган, ноҳақ айбланган ёхуд эрига шерик сифатида ҳибсга олинган.

Ана шундай аёлларимиздан бири 1906 йилда туғилган, уй бекаси, ижтимоий келиб чиқиши майда савдогар, тошкентлик Тожихон Аҳмедовадир. У турмуш ўртоғининг “аксилинқилобий фаолиятига шерик” бўлгани учун ҳибсга олинган.

Турмуш ўртоғи Aбдулҳай Тожиев 1937 йилнинг 2 августида 39 ёшида ҳибсга олинган. Ҳибсга олингунга қадар Тошшаҳар совети раиси лавозимида ишлаган. Шахсий ҳужжатига кўра, 12 ёшли Латофат (асраб олинган) ва 14 ёшли Учқун исмли фарзандлари бор. Уларнинг иккаласи ҳам Крупская номли мактабда ўқиган. Ота-она қамоққа олингандан кейин уларни Тожихоннинг акаси Саидғани Аҳмедов ўз қарамоғига олган.

Турмуш ўртоғи ҳибсга олинганидан сўнг, 1937 йил 25 октябрда айбланувчи Тожихон Aҳмедова ҳам сўроқ қилинади: “Қамоққа олинган Тожиев Aбдулҳай билан қандай муносабатда бўлгансиз? Унинг аксилинқилобий фаолияти ҳақида нималарни биласиз?” каби саволларга Тожихон Абдулҳай Тожиевга 1922 йилда турмушга чиққани, эрининг аксилинқилобий фаолияти ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтади. Аммо у ёлғон кўрсатма берганликда, турмуш ўртоғининг аксилинқилобий фаолиятидан хабардорликда ва унинг фаолиятига ёрдам берганликда айбланади.

Эрининг аксилинқилобий фаолияти ҳақида ҳеч нарса билмаслигини қайта-қайта такрорлаган Тожихон Аҳмедованинг “иши” 1937 йил 21 ноябрда СССР НКВДнинг алоҳида мажлисида кўриб чиқилади ва у “ватан хоини” оиласининг аъзоси сифатида 8 йилга ҳукм қилинди.

Турмуш ўртоғи Абдулҳай Тожиев эса 1938 йил 4 октябрь куни Тошкентнинг Юнусобод туманидаги қатлгоҳларнинг бирида отиб ташланади. Бу пайтда эса Тожихон Аҳмедова Мордва автоном республикасида қамоқ жазосини ўтаётган эди.

Архив ҳужжатларига кўра, Тожихон Аҳмедованинг акаси Саидғани Аҳмедов 1939 йил 15 апрелда НКВДнинг Ўзбекистон бўлимига мурожаат этиб, синглисининг тақдири ҳақида маълумот беришларини сўрайди. Тожихон Аҳмедованинг ўғли Учқун ва қизи Латофат ҳам 1942 йил 14 март куни ариза ёзиб, отаси туфайли қамоққа олинган онасининг ишини қайта кўриб чиқишларини сўрайдилар. Лекин уларнинг бу аризалари беэътибор қолдирилади. Бу орада Учқун Тожиев армия сафига олиниб, 79-махсус ўқчи бригадага юборилади ва у урушда ҳалок бўлади.

8 йиллик маҳкумликдан сўнг, 1945 йил 2 октябрда Тожихон Аҳмедова меҳнат лагеридан озод этилди. Лекин судланганлиги бекор бўлмагани учун Ватанига қайта олмади. Шунинг учун у 1950 йил 31 декабрда Қозоғистон ССР Сариоғоч тумани хавфсизлик хизмати бошқармасига ариза ёзади. Аризасида ҳеч қаерда ишламаган, уй хўжалиги билан машғул бўлган аёл эканлиги, қамоққа олинган собиқ турмуш ўртоғи учун жазога мубтало бўлиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилгани, 87 ёшли онаси қаровга муҳтож эканини ёзади.

“Шуни ҳисобга олиб, судланганим ҳақидаги моддани олиб ташлашингизни ва 14 йил давомида жудо этилганим – оилам бағрига қайтишимга имкон беришингизни илтимос қиламан” деб сўрайди аризасида. Судланганлиги бекор бўлиб, озод этилган Тожихон Тошкентга қайтиб келади. Лекин унинг яшашга уй-жойи йўқ эди. Жазо ўташ жойидаги оғир шароит соғлиғидан ҳам айирган эди.

Шундан кейин Тожихон моддий аҳволини яхшилаш ва соғлиғини тиклаш мақсадида ёрдам сўраб, мутасадди ташкилотларга мурожаат қилади. Лекин бу аризанинг кейинги тақдири номаълум.

Таъкидлаш жоизки, Тожихон Аҳмедова сингари ноҳақ айбдор қилинган ва умри зомин бўлган аёлларимиз жуда кўп. Архив ҳужжатларида сақланмаган тақдирлар қанча. Юртимизда қатағон даври қурбонларини илмий тадқиқ этиш, ўрганиш ва ёш авлодга етказиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилаётгани биз илмий ходимларни қувонтиради. Бу борадаги изланишларимизни изчил давом эттиряпмиз. Қатағон давридаги бегуноҳ қисмат эгалари ҳақидаги ҳужжат ва маълумотларни батафсил ўрганиб, кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларимизга етказиш зиммамиздаги масъулиятли вазифалардандир.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноҳақ айбланиб, ҳибсга олинган ўзбек аёли