Президент фармони – амалда
Мамлакатимизда, шу жумладан, Наманган вилоятида тириклик манбаи ҳисобланган сувнинг ҳаётимиздаги нечоғли аҳамиятини эътиборга олган ҳолда тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда.
Бинобарин, Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан, сув ресурсларини тежаш борасида қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Халқаро молия институтлари – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 820 минг долларлик кредит маблағлари эвазига Янги Наманган тумани Мингчинор маҳалласи ҳудудида “Наманган сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг марказий лаборатория ва диспетчерлик маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Ушбу лаборатория ва диспетчерлик маркази биносининг очилиш маросимида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов аҳолига сифатли сув етказиб беришга қаратилган лойиҳани ишга туширилиши юртимизда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси эканлигини таъкидлади.
[gallery-22085]
Эътиборлиси шундаки, лаборатория биноси сўнгги замонавий ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, республикада ягона ҳисобланади. Ичимлик ва оқава сувларини кимёвий ҳамда бактериологик текширувлардан ўтказиш учун зарур имкониятлар яратилган. Шу мақсадда 139 минг доллар миқдоридаги замонавий лаборатория воситалари келтирилди.
Қолаверса, лаборатория таҳлилларини жойларда ташкил этиш учун мобил лаборатория автомашинаси ҳам лойиҳа доирасида олинган бўлиб, бу техника вилоятнинг турли ҳудудларида текширувлар ўтказиш имконини беради. Бундан ташқари, бинода жамият маъмурий бошқармаси ҳам жойлаштирилган бўлиб, аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА