Бугун, 8 январь куни Австралиянинг Квинсленд шаҳрида ўтказиладиган профессионал бокс оқшомида ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов билан "Париж-2024" Олимпиадаси чорак финалида тўқнаш келган Теремоана Жуниор германиялик Осасу Отобо билан навбатдаги жангда рингга кўтарилади.
Мазкур жангга тайёргарлик кўриш жараёнидаги тадбирлардан бирида австралиялик боксчи Теремоана Жуниор Баҳодир Жалолов билан реванш жангини ўтказиш нияти борлигини билдирган.
У журналистларга интервью бериш жараёнида Баҳодирдан Олимпиада учун қасос олиш истаги борлигини, улар албатта профессионал боксда тўқнаш келиши кераклигини, бу кунни интиқлик билан кутаётганини билдирган.
Айтиш лозим, икки карра Олимпия ўйинлари ва икки карра жаҳон чемпионлигига эришган енгилмас боксчимиз Баҳодир Жалолов 2024 йилги Париж Олимпиадасининг чорак финалида Теремоанани ҳакамларнинг якдил қарори билан 5:0 ҳисобида мағлуб этган эди.
Эслатиб ўтамиз, профессионал боксда 14 та жанг ўтказиб, барчасида рақибларини мағлуб этган Баҳодир Жалолов навбатдаги жангида Франция вакили Давид Спилмонт билан рўбарў келади. Ушбу жанг 6 февраль куни Канаданинг Монреаль шаҳрида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА