Пойтахтимиздаги Миллий кино саройида "OLTIN HUMO - 2024" миллий кино мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Бу лойиҳа Ўзбекистон кино санъати усталари ва мухлислари учун энг муҳим тадбирлардан саналади. Ҳар йили ўтказиладиган ушбу миллий кино мукофоти энг истеъдодли режиссёрлар, продюсерлар, актёрлар, сценарист ҳамда барча ижодий жамоани бир жойга жамлагани билан диққатга сазовор.
Ушбу ижодий лойиҳадан кўзланган асосий мақсад кино соҳасидаги энг ёрқин ютуқларни тақдирлаш ва ўзбек кинематографиясидаги замонавий тенденцияларга ҳаққоний баҳо беришдан иборат. Айни пайтда миллий кинотақдимот маросими шунчаки тантанали тадбир эмас, балки кино санъатининг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва келажакдаги ривожланиш истиқболлари тўғрисида хулоса чиқариш имконидир.
Тантанали тадбир Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ва Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
[gallery-21057]
Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев мамлакатимизда миллий кино санъати ривожи Президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини эътироф этди. Айни эътибор турли ижодий лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бу йил ҳакамлар ҳайъати таркибига «Қирғизфильм» киностудияси директори Ақжол Бекболотов, Хитой кино ассоциацияси халқаро алоқалар қўмитаси раиси Гу Гоцзинь, “7 TH Art IFD” ижрочи директори ва халқаро кино бозори эксперти Алиризо Шаҳрухи, “Қўрқут ота” кинофестивали ижрочи директори Иҳсон Кабил ва «Казахфильм» киностудияси бош муҳаррири Бекбулат Шекеров каби нуфузли халқаро экспертлар, мутахассислар ва кино соҳаси билимдонлари киритилди.
Улар қуйидаги номинацияларда бўйича ғолибларни аниқлади:
• Энг яхши ҳужжатли фильм – “Шамол одамлари” ҳужжатли картинаси;
• Энг яхши анимацион фильм – “Беруний саргузаштлари”;
• Энг яхши овоз режиссёри – Абдуқаҳҳор Каримов “Севдо” фильми учун;
• Энг яхши кино композитори – Дониёр Агзамов “Баҳодир Ялангтўш” фильмидаги мусиқий асари учун;
• Энг яхши графика иши – Лазизхон Ғаниев – “Баҳодир Ялангтўш” фильми учун;
• Энг яхши монтаж иши – Темур Киясов – “Уч қаҳрамон” фильми учун;
• Энг яхши гримм рассоми иши – Маҳбуба Эсонова, Римма Воронова – “Баҳодир Ялангтўш” фильми учун;
• Энг яхши либослар бўйича рассом – Зуҳра Ғаниева – “Баҳодир Ялангтўш” фильми учун;
• Энг яхши рассом иши – Қазақбай Хожамуратов, “Ажиниёз” фильми учун;
• Энг яхши сценарий – Ҳасан Тошхўжаев, Баҳодир Аҳмедов – “Баҳодир Ялангтўш” фильми учун;
• Энг яхши операторлик иши – Азизбек Норматов – “Уч қаҳрамон” фильми учун;
• Энг яхши дебют иши – Жамшид Нарзиқулов “House” ҳужжатли фильми учун;
• Энг яхши фильм - “Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильми
• Энг яхши аёл роли – Тамара Мирмақсудова “Пандемия” фильми учун;
• Энг яхши эркак роли – Тоҳир Саидов “Баҳодир Ялангтўш” фильми учун;
• Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти –“Матонат” ҳужжатли фильми учун;
• Ўзбек кинематографиясига қўшган ҳиссаси учун –
1. Ўзбекистон халқ артисти Ражаб Адашев;
2. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Исамат Эргашев;
3. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Темурмалик Юнусов;
4. “Шуҳрат” медали соҳибаси Абида Носирова;
5. Ўзбекистон санъат арбоби Бахтиёр Назаров.
Тантанали тадбирда барча номинация ғолибларига мукофотлар топширилди.
Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА