“Болжон” – Шуҳрат Маткаримнинг янги китоби
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли ижодкор ва таржимон Шуҳрат Маткарим қаламига мансуб "Болжон" номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Адабий анжуманда устоз ижодкор, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Иброҳим Ғафуров, драматург Ҳайитмат Расул, таниқли шоир Муҳиддин Омон, адабиётшунос олимлар Баҳодир Каримов, Марҳабо Қўчқорова, шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Гўзал Бегим ва бошқалар Шуҳрат Маткарим ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил сўзлади.
Шуҳрат Маткарим – борлиқни борича тасвирлайдиган, сохталик, сунъийликдан, баландпарвозликдан йироқ бўлган ижодкор. Унинг асарларида қадим Хоразмнинг анъаналари, ўзига хослиги, бетакрор ва ширин шеваси яққол кўзга ташланиб туради. Шуҳрат Маткарим асардаги сюжет ва воқеликни китобхонга тайёр хулосалар билан тақдим этмасдан, балки китобхоннинг ўзини ҳам мушоҳада юритишга, фикрлашга ундаши билан аҳамиятли.
Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, Шуҳрат Маткаримнинг “Болжон” номли китобига кирган ҳикоялар ва қиссаларнинг қаҳрамонлари бугунги жамиятнинг оддий одамлари. Улар гоҳ самимийлиги, гоҳ ўзига хос характери билан ўз ташвишларини гарданига ортиб, умргузаронлик қиладилар. Олам мукаммаллиги кимларнингдир қалбида эзгулик чироғини ёқса, яна қайсидир замондош қиёфасини эслатувчи шахс ўзига хос йўл билан яшашга интилади. Ёзувчи қаҳрамонларини ана шундай мураккаб вазиятларда кузатади ва уларни тушунишга ҳаракат қилади. Aсарлардаги ўзига хос бадиий тасвир ва ифодалар китобхонга манзур бўлади, деб ўйлаймиз.
[gallery-20579]
Мазкур китоб устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид лойиҳаси раҳбарлигида “Адабиёт” нашриётида чоп этилган. Масъул муҳаррир - Даврон Ражаб.
Таниқли адиб ва таржимон Шуҳрат Маткаримов 1960 йил 2 ноябрда Туркманистоннинг Тошҳовуз туманида туғилган. 1985 йилда Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган.
Ҳикоялари “Ёш куч”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Туркистон” каби газеталарда, жамоавий адабий тўпламларда чоп этилган. Эрнест Хемингуэйнинг қатор ҳикояларини инглиз тилидан она тилимизга таржима қилган. Таниқли ўзбек шоири Матназар Абдулҳаким ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира – эссеси алоҳида рисоласи, “Кун шундай бошланади” деб номланган ҳикоялар тўплами, шунингдек, рус ёзувчиси Василий Шукшиннинг “Олис уфқлар ортида” номли ҳикоялар тўпламидан қилган таржималар Шуҳрат Маткаримовни миллий адабиётимизнинг ўз сўзи ва овозига эга бўлган таниқли вакили, мумтоз адабиётимиз анъаналарини янада сайқаллантираётган истеъдод, моҳир таржимон сифатида намоён этди.
Шуҳрат Маткаримов 2019 йилда "Қизалоқ" ҳикояси учун "Хоразм зарқалами" танловида “Йилнинг энг яхши ҳикояси" номинацияси ғолиби, деб топилган. Шунингдек, муаллиф 2024 йил чоп қилинган "Мақар" қиссаси учун Президентимиз қарори асосида ўтказилган "Ватан учун яшайлик" танловида ғолиб деб топилиб, диплом ва рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланган.
2024 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг "Адабиёт" нашриёти томонидан "Болжон" ҳикоя ва қиссалари жамланган китоб нашрдан чиқарилди. Адабий анжуманда Шуҳрат Маткарим ижоди, унинг “Болжон” номли китоби хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА