Таҳлилларга кўра, дунёнинг ҳар қайси мамлакатида модернизациялаш даврида инқирозлар юз беришига сиёсий институтлар, иқтисодий муаммолар, коррупциянинг кучайиши, қашшоқлик ва бюрократиянинг таъсири бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, қариндош-уруғчилик, ишсизлик, сиёсий беқарорлик, диннинг сиёсийлашуви каби объектив ва субъектив омиллар ҳам сабаб бўлади.
Россия Федерацияси Интеллектуал мулк Федерал хизматидан Ўзбекистон миллий университетининг профессори, сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омоновга халқаро патент берилди. Олимнинг “Ўтиш даврида жамиятни модернизациялаш инқирозлари” номли фанга киритган илмий тушунчаси эътироф этилиб, халқаро маълумотлар базасига киритилди.
Маълумотлар базаси ўтиш даври босқичлари, инқироз пайдо бўлиш шартлари, инқироз тури, ундан чиқиш йўллари, жамиятни модернизациялаш масалалари билан бойитилган.
Мамлакатни ислоҳ этиш ва янгилашда юзага келадиган инқирозлар ҳолатининг вужудга келиш даври, сабаблари ва ундан самарали чиқиш йўллари белгиланиб ўрганилади.
“Ўтиш даврида жамиятни модернизациялаш инқирозлари” номли тушунча ва илмий янгилик узоқ йиллик тадқиқотларга суяниб, хориж ва минтақамизда эълон қилинган илмий адабиётлар, амалий тажрибаларни таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган.
Профессор Бахтиёр Омонов фанга киритган маълумотлар базасидан талабалар, тадқиқотчилар, сиёсатчилар, иқтисодчилар, шунингдек, ривожланиш йўлига ўтиб олган ёш давлатлар ўзларининг ижтимоий-сиёсий фаолиятида фойдаланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, илмий янгилик социология, сиёсатшунослик, психология соҳаларида қўлланилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА