Вилоят ҳокими битирувчи талабалар билан мулоқот ўтказди
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбeк Абдураҳмонов Андижон давлат тиббиёт институти битирувчи талабалари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Учрашувда вилоят ҳокими мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқитишни халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, талаба ёшларнинг ўқиб, пухта билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратиб берилаётганлиги, айниқса, битирувчи талабалар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
– Бугун ёшлар, айниқса, олий ўқув юртларини тамомлаётган бўлажак кадрлар нафақат малакали мутахассис, балки мамлакатимиз келажагига, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашлари лозим, – деди вилоят ҳокими. – Қачонки, ёшларимиз дахлдорлик, масъулият ҳиссини чуқур англасагина, улар жамият ривожига муносиб ҳисса қўша олади.


Бугунги кунда 40 дан ортиқ тиббий ихтисослик йўналиши бўйича 12 минг 900 нафарга яқин талаба таҳсил олаётган Андижон давлат тиббиёт институтини жорий ўқув йилида 1 минг 795 нафар талаба тамомлаб, ёш мутахассис сифатида иш бошлайди.
Мулоқотда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш ҳамда тиббиёт муассасаларини малакали шифокор кадрлар билан таъминлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Мулоқот давомида, айниқса, вилоятнинг чекка ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида шифокорларга бўлган эҳтиёжни қоплаш, ёш мутахассисларни ўз мутахассислиги бўйича ишга йўналтириш ва улар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Учрашувда вилоят ҳокими талаба ёшларни қизиқтирган масалалар, битирувчи талабаларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва мурожаатларини эшитди, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларнинг касбий фаолиятини бошлаши учун амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Мулоқот давомида битирувчи талабалар томонидан билдирилган айрим мурожаатлар жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб этадиган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Битирувчи талабаларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ушбу мулоқот ана шу йўналишдаги қатор муаммоларни ижобий ҳал этишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири