Франция билан тиббиёт соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда (+видео)
Франция тиббиёт соҳасининг ривожланган йўналишлари билан дунёнинг пешқадам мамлакатларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли тиббиёт соҳасидаги билим ва малакаларини ошириш учун кўплаб давлатлардан ёш мутахассислар ўқишга келади.
Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Франциянинг Олий Психомотор реабилитация институти раҳбарияти ўртасида имзоланган меморандумга биноан мана икки йилдирки, нейропсихологлар, тиббий психологлар ҳамда психиатрлардан иборат ўзбекистонлик мутахассислар Франциянинг "Психомотор терапия ва реабилитация" институтида қисқа муддатли малака ошириб қайтишмоқда.
Франциялик мутахассислар шунингдек, Ўзбекистон тиббиёт институтларида ҳам бўлиб, маҳорат дарсларини ўташди.
Нейропсихология, тиббий психология ва психомотор терапия бўйича ўзлаштирилган илмлар асосида французлар билан ҳамкорликда, илмий-тадқиқот ишлари бошлаб юборилди, мамлакатимизга эса французлар тажрибаси асосида дорисиз даволаш методлари кириб келмоқда.
Яқинда бир гуруҳ мутахассислар Франциянинг Олий Психомотор реабилитацияси институтида учинчи маротаба бўлиб қайтишди. Профессор Ибодуллаев бу гал “Алцгеймер касаллигида нейропсихологик диагностика" мавзусида франциялик мутахассислар ва институт талабаларига маъруза ўқиди.
Ўзбекистонлик олим ушбу давлатга аввалги ташрифларда "Мия инсультларида нейропсихологик диагностика" мавзуси бўйича маҳорат дарсини ўтган эди. Қисқа муддат ичида "Психомотор терапия ва реабилитация" бўйича битта докторлик ва учта номзодлик (PhD) диссертацияси устида илмий изланишлар олиб борилди, йигирмадан ошиқ илмий мақолалар ва тезислар чоп қилинди.
Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд Давлат тиббиёт Университети, Бухоро инновацион тиббиёт институти ва учта халқаро анжуманда французлар методологияси ҳақида Зарифбой Ибодуллаев томонидан маърузалар ўқилди.
Шу тариқа, Франция ва Ўзбекистон ўртасида "Нейропсихология ва психомотор терапия" соҳасини ривожлантиришдаги қўшаётган ҳиссалари юқори баҳоланиб, Зарифбой Ибодуллаевга "Франция Олий Психомотор Реабилитация институти" фахрий профессори унвони топширилди.
Фахрий профессор дипломини институт директори, франциялик машҳур олим Жерар Эрман топширди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/H0slhn_FM9Q?si=_3-UOpVQ6SojXsQZ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, ЎзА