-
Туркман диёри… Оташнафас шоир Махтумқули Фироғий макон тутган эл. Кўп минг йиллик тарихи ва маданияти, бой табиий ресурслари билан ажралиб турадиган, Буюк Ипак йўли кесишган нуқтада жойлашган бу ўлка кўплаб қадимий цивилизациялар – Сўғдлар, Хоразмшоҳлар ва бошқа халқлар ўртасида савдо ва маданият алмашинувини таъминлашда муҳим манзил ҳисобланган.
Туркманистоннинг Ашхобод, Мари ва Туркманобод (аввалги Чоржўй) шаҳарлари, айниқса, маданий ёдгорликлари билан машҳур.
Асосий қисми Каспий денгизи ва Қорақум чўли ўртасида жойлашган ушбу мамлакатни Кўҳитанг тоғ тизмаси, шунингдек, Амударё ва Мурғоб дарёлари атрофидаги гўзал табиат манзараси безаган.
Шу ўринда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқалар жадал ривожланаётганини таъкидлаш жоиз.
Яқинда ҳамроҳлар билан туркман элидаги узоқ қариндошларни йўқладик. Улар орасида йигирма йиллаб кўришмаганларимиз ҳам бор эди. Сафар давомида Туркманобод, Керки, Магданли ва Мукри шаҳарларида бўлдик.
Замонавийликка интилаётган қардош ўлка одамлари танти ва меҳмондўст, ширинсухан, кўнгли очиқ инсонлар экан.
Туркманобод – ўтмиш ва замонавийлик уйғунлашган манзил
Бухоро вилояти Олот туманига туташ, мамлакат жанубида, Амударё бўйида жойлашган Туркманобод шаҳри ўлканинг иқтисодий ва маданий марказларидан бири бўлиб, муҳим инфратузилмага эга. Савдо йўлида жойлашгани сабаб, ўтмишда кўплаб маданият ва халқлар ўртасида кўприк вазифасини ўтаган. Бугун саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривожланаётган ҳудуд транспорт ва логистика маркази сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзига хос анъаналари, урф-одати ва санъати билан танилган бу кўҳна кент маҳаллий аҳолиси қадим маданиятни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратади.
– Агар мусиқа бўлмаганда, инсон табиатида ҳис-туйғусиз жонзот хусусиятига мойиллик намоён бўлармиди?.., – дейди Эски Чоржўйдаги Халач овулида яшовчи Овез Алланазаров. – Биз, туркманларнинг тўйи куйсиз, ашуласиз ўтмайди. Айниқса, байрамларда ҳофизлар ижросида халқ термаларини эшитиб, маза қиласиз. Ўзим ҳам баъзан Махтумқули ғазалларига бағишланган қўшиқларни куйлаб тураман. Хуллас, санъаткорлик қонимизда бор.
Овез оғанинг хонишида “оқиб”, йўлда давом этамиз...
Керки – мироблар шаҳри
Навбатдаги манзил – саёҳатчилар қадами узилмайдиган, Амударё ювиб ўтадиган Керки.
Қарийб йигирма минг аҳоли яшайдиган бу шаҳар дастлаб “Земм” дейилган, кейинчалик “Керк” номини олган. Бу форсча сўз “бино” маъносини англатади. 1999 йил “Отамурат” деб атала бошланган шаҳарга, ниҳоят, 2017 йил Туркманистон парламенти тарихий номини қайтарди.
Археология ёдгорликларига бой Керки яқинида қадим аждодлар кўплаб меъморий обидалар бунёд этишган. Айниқса, X-XII асрларга оид Астан Бобо мақбараси ва Аламбердар мавзолейи яхши сақланган. Шаҳар ичидаги кўҳна Султонниёзбий мажмуаси туркман адабиёти мумтоз вакили Саидназар Саидий шарафига аталган “Саидий қалъаси” номи билан ҳам машҳур.
Таъкидлаш жоиз, Амударё яқинида қад кўтаргани сабаб, шаҳар сув ресурслари қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этган.
Магданли – табиатга ошно мафтункор воҳа
Узоқ кутилган Магданли бизнинг навбатдаги қўналғамиз бўлди. Бетакрор шаҳарнинг мукаммал меъморий услубида бунёд этилган биноларига боқарканмиз, маҳаллий халқ меҳмондўстлигидан қувончимиз ўн карра ортди.
Саёҳат давомида туркманларнинг урф-одати, миллий таомлари ва қадимий ёдгорликлари ҳақидаги маълумотни кундалигимга қайд қилиб бордим.
Бу ҳудудда қишлоқ хўжалиги асосий соҳа бўлиб, пахта ва сабзавот маҳсулотлари кўп етиштирилади.
Шаҳарда мактаблар, олий таълим муассасалари, маданият марказлари фаолият юритади. Маҳаллий аҳоли ўз урф-одати, анъаналари билан фахрланади. Археология қазишмалари чоғида турли даврларга оид тарихий буюмлар топилгани Магданлининг тарихий аҳамиятини янада оширган.
Айланиб юриб, кеч тушганда шаҳар марказидаги китоб дўконига кўзим тушди. Сотувчидан “Махтумқули китобларидан борми?” деб сўрадим.
– Ҳа, фақат туркман тилида, – деди мезбон меҳмонлигимни билиб.
– Бераверинг, ўзимиз ўгириб, тушуниб оламиз, – дедим ичимга сиғмай.
– Биласизми, аждодларга муносиб ворислик ҳам ўзига хос масъулият, – дея суҳбатга қўшилди ёнимдаги шеригим – магданлилик Хушбоқ Раимқулов. – Махтумқули ўз даврида эл-юрт қадр-қимматини оёғости қилиб келаётган иллатларни ҳаммадан кўра теран англаб етган. У ўз асарларида воқелик моҳиятини чуқур идрок қилиб иш тутишга чақирган. Мардни мард, деган, номардни ундан ибрат олишга чақирган: