Китоб – нур, кутубхона – зиё маскани
Шу кунларда юртимиз бўйлаб “Китобсевар миллат” шиори остидаги IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда. Ҳафталик доирасида китобхонлик кечалари, ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар, адабий мулоқотлар ўтказилмоқда, кутубхоналар фаолияти, китобхонларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилмоқда.
Аввало, айтиш керакки, билим, таълим, мутолаа ва китоблар орқали интеллектуал капитални шакллантирмасдан юрт тараққиётига эришиб бўлмайди. Бугун ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ўсишига қарамай, айнан китоб ва мутолаа жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ривожланиши бош мезони ҳисобланади. Глобал ахборот жамияти ва тезкор ижтимоий ўзгаришлар даврида китобхонлик доимгидан-да муҳимроқдир.

Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда кутубхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан, шаҳар ва туманларда 18 та ахборот-кутубхона маркази фаолияти йўлга қўйилди.

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Бешариқ тумани ахборот-кутубхона маркази қайта таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этди. Мазкур замонавий ахборот-кутубхона маркази “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига қайта капитал таъмирланди.
1965 йилдан бошланган мазкур кутубхона китоб фонди 49 минг жилдга яқинни ташкил этади. Қайта таъмирлаш ишлари мобайнида кутубхона биноси кенгайтирилиб, бир вақтнинг ўзида 50 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, мебел жиҳозлари, янги адабиётлар ва интернет билан таъминланди.
Очилиш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди. Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда китобхонликка қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб, бунёд этилаётган маърифат ўчоқлари – кутубхоналар аҳоли маънавий оламини янада бойитишда, фарзандларимизни эзгу ғоялар асосида, китобга меҳрли этиб тарбиялашда энг яқин кўмакчи эканлигини эътироф этди.

– Бу кутубхона халқ кутубхонаси бўлиб қолишига шубҳам йўқ, албатта. Оз фурсатларда фидойилик билан барпо этилган янги маскан маърифатпарварларнинг орзуси эди, – деди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева. – Биз ҳам бу хайрли ишга камтарона ҳисса қўшаётганимиздан, Миллий кутубхона номидан ушбу масканга янги компьютер техникалари сотиб олиш учун 100 миллион сўм маблағ ва 100 дан ортиқ янги китоб совға қилаётганимиздан мамнунмиз.
Эзгуликнинг қаноти бор, деб бежиз айтмайдилар. Бундан руҳланган туман ҳокими Расулжон Жўраев ва туман секторлари раҳбарлари ҳам ахборот-кутубхона маркази фондига 200 дан ортиқ сара китоб тўпламини совға қилдилар.

Шунингдек, Қўқон шаҳрида янги кутубхона биноси фойдаланишга топширилди. Саховатпеша тадбиркор Камолхон Пўлатов томонидан қуриб битказилиб, Қўқон шаҳридаги Амирий кутубхонаси тасарруфига ўтказилган кутубхонанинг тантанали очилиш маросими катта байрамга айланиб кетди. Бундай зиё масканлари аҳоли ўртасида китобхонликни оммалаштириш, хусусан, ёшларимизнинг мутолаага иштиёқини юксалтиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири