Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Соҳибқирон бобомиз, буюк саркарда Aмир Темур таваллуд кунига бағишланган «Aмир Темур ва темурийлар даври маданияти» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда тарихчилар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, санъаткорлар, Миллий гвардия хизматчилари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги 324-мактаб ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирдан мақсад, тарихда ўчмас из қолдирган буюк шахс, улкан бунёдкор, йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Aмир Темур ҳаётини ўрганиш негизида ёшларда Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш иштиёқини уйғотиш, бобокалонимизнинг ҳаётий тажрибасидан ўз фаолияти учун зарур сабоқ ва маънавий қувват олишларига рағбат беришдир.
Тадбирда Aмир Темурнинг мамлакат ва жаҳон тарихида тутган ўрни, унинг ҳаёти ва давлат бошқаруви фаолияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
Соҳибқироннинг ҳар қандай мушкул вазиятдан чиқиб кета олиш заковати, мардлиги, жасорати, ватанпарварлиги, топқирлиги, темир иродаси ёш авлод учун ибрат, ҳаёт мактаби ва Ватанга садоқат намунасига айлангани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Aмир Темур ҳаётини ёритишга бағишлаган ёзувчи ва шоирлар, уларнинг асарлари ҳақида ҳикоя қилинди.
Ўқувчилар томонидан саҳналаштирилган буюк саркарда Aмир Темур ҳаётидан лавҳалар намойиш этилди.
Маънавий-маърифий тадбир доирасида тарихда ўчмас из қолдирган буюк шахс, улкан бунёдкор, йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Соҳибқирон Aмир Темурнинг ҳаёт йўли, давлат бошқаруви ва ҳарбий маҳоратига алоқадор адабиётлардан ташкил топган кўргазма тақдим этилди.
Н.Усмонова, ЎзА