Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида “Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати”, “Халқаро терминэлементларининг изоҳли-иллюстратив луғати”, “Замонавий тилшунослик терминларининг изоҳли луғати” китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир zoom платформаси орқали республикамизнинг барча ахборот-кутубхона марказларига тўғридан-тўғри узатилди.
Тақдимот маросимида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодир Холбўтаев ва бошқалар тақдимоти ўтказилаётган китоблар хусусида батафсил сўз юритдилар.
Таъкидланганидек, мазкур луғатлар кенг доирадаги ўзбек китобхони учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг асосий мақсад ва вазифаси ўзбек тилига кириб келган, ўзлашаётган халқаро терминларнинг ажралувчи таркибий қисмларининг маъноларини очиб бериш, уларнинг сўз ясаш имкониятларини кўрсатишдан иборатдир. Шу билан бирга улар иштирокида ясалган терминларга изоҳ бериш, замонавий тилшуносликка доир прагмалингвистика, социолингвистика, когнитив тилшунослик, лингвомаданиятшунослик, ассоциатив тилшунослик, психолингвистика, матн тилшунослиги, дискурсшунослик, медиалингвистика соҳаларининг асосий терминларини изоҳлаш ҳамда ҳозирги ўзбек адабий тили учун характерли бўлган синонимик қаторларни ўрганиш, нафақат адабий тилга, балки ўзбек халқ шевалари ҳамда тарихий қатламга оид синоним сўзларни таҳлил қилишда ҳам мазкур китоблар алоҳида аҳамият касб этади.
Китоблар билан танишиб чиққан мутахассислар ҳам мазкур китоблар ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Бундай китобларнинг долзарблиги, моҳияти, амалий аҳамияти ҳамда замонавий ўзбек луғатшунослигига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдирдилар.
Н.Усмонова, ЎзА