Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Она замин ва табиатга меҳр-муҳаббат, саховат ва мурувват, бунёдкорлик ва олижаноблик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар энг қадимий байрамимиз бўлган Наврўз тимсолида асрлар давомида улуғланиб, сайқал топиб келмоқда.
Айниқса, бугун, жамиятимизда инсон қадри юксалиб, бебаҳо бойлигимиз – еримиз, сувимиз ва табиатимизга, шу борадаги неча минг йиллик анъаналаримизга эътибор кучайиб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида бу байрамнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Дунёда мураккаб вазият ҳукм сураётган ҳозирги таҳликали даврда Наврўзнинг буюк инсонпарварлик моҳияти, ўлмас ғоялари, одамзотни тинчлик ва дўстликни қадрлаб, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшашга, ҳаётни янада гўзал ва обод қилишга ундайдиган бунёдкорлик руҳи ва фалсафаси ер юзидаги турли халқларнинг олижаноб интилишларига ҳам ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
Ана шундай ноёб фазилатлари билан бугун ҳам эзгулик ва тараққиётга хизмат қилаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда ушбу айёмни юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларга мос ҳолда, ҳар томонлама юксак савияда ўтказиш мақсадида:
1. 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонлансин.
2. 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) тузилсин ҳамда унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита (А.Арипов) бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш бўйича ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастурини тасдиқласин, шунингдек, унинг амалга оширилишини таъминласин.
3. Жойларда Наврўз умумхалқ байрамининг барча тадбирларини миллий қадрият ва анъаналаримиз ҳамда замонавий тажрибалар асосида юқори савияда, оммавий сайиллар шаклида ташкил этиш, уларда халқимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:
байрам тадбирларини баҳор айёмида борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни акс эттирадиган, юртдошларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган маъно-мазмун билан таъсирчан усулларда ўтказиш;
мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг эканини намоён этиш;
Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайилларини ташкил этиш;
бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун дастурхонлар ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирларини амалга ошириш;
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, Наврўз байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш;
жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа ва акциялар уюштириш, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўз байрамининг руҳи ва фалсафасига уйғун бўлган урф-одат, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш;
байрам тадбирлари давомида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, китоб кўргазмалари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо дўконларини ташкил этиш, кўклам таомларини тайёрлаш ҳамда уларнинг кўргазма-савдолари ва танловларини уюштириш;
барча шаҳар ва қишлоқларда ўтказиладиган байрам тантаналарида, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, ҳар бир ҳудуддаги уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарни кенг ёритиш.
4. Маданият вазирлиги (О.Назарбеков):
Республика Маънавият ва маърифат маркази (О.Ҳасанов), Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов) билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида Наврўз байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошасининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқсин;
мазкур концерт томошасини тажрибали сценарист ва режиссёрлар, композитор ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакиллари билан биргаликда, юқори бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўрсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
а) бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Наврўз умумхалқ сайилларини ўтказиш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
умумхалқ сайиллари уюштириладиган асосий майдонлар, кўча ва хиёбонларни миллий услубда байрамона безатиш;
умумхалқ сайилларига маҳаллий фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, цирк санъати вакиллари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини белгиланган тартибда кенг жалб этиш;
байрам тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудга хос бўлган халқ ўйинлари, томошалар, кўргазмалар ўтказиш, баҳорий таомлар сотиладиган очиқ ошхоналар ташкил этиш;
б) байрам дастурларини ва оммавий томошаларни тайёрлашда, кўчалар, майдон ва хиёбонларни безатишда малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳларни кенг жалб этсин;
в) барча тадбирлар жамоат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилишини таъминласин.
6. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:
Тошкент шаҳрида – республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ.Абдураҳмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2024 йил 4 март