2024 йил 16 январь куни БАА Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ўртасида кириш виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисидаги ҳамкорлик протоколи имзоланди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон фуқаролари 30 кундан ошмаган муддатда БАА ҳудудида бўлиши даврида виза талабларидан озод этилади.
Маълумот учун: 2023 йил давомида БААга 119 минг 454 нафар Ўзбекистон фуқаролари ташриф буюрган ва 9,2 млн. АҚШ доллари миқдорида виза расмийлаштириш учун сарф қилган.
Ҳукуматлараро ҳамкорлик протоколи Ўзбекистон Республикасининг БААдаги фавқулодда ва мухтор элчиси А.Аққулов ва БАА Ташқи ишлар вазири ўринбосари Холид Абдулла Белҳул томонидан имзоланди.
Ҳужжат расман 2024 йил 16 февралдан кучга киради.
Имзоланган ҳужжат Ўзбекистон фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан бориладиган мамлакатлар сонини 29 тага етказиб, Ўзбекистонни Global Passport Power рейтингида 71 ўринга кўтаради.
ЎзА