
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида КОИCА халқаро ташкилот вакиллари иштирокида 2024 йилнинг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди. 2021 йил 17 декабрда давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига ташрифи давомида КОИCА ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланганди ва бир неча бор кореялик экспертларнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам ташкил этилганди.
Лойиҳанинг мақсади кореялик ҳамкорлар билан 8 та йўналиш бўйича ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш, бошқарув ходимлари ва мутахассисларнинг Корея ва Ўзбекистонда малакаси ошириш, 6 та ўсимликлар карантини чегара пункти, 5 та ҳудудий лаборатория, Ўсимликларни карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институтини зарурий жиҳозлар билан таъминлаш кўзда тутилган. Ҳозирда лойиҳага старт берилган ва у 2027 йилгача давом этади.
- Корея Республикаси Ўзбекистонга халқаро ёрдам дастури доирасида ўсимликлар карантини тизими функциясини такомиллаштириш мақсадида лойиҳа амалга оширяпти, – дейди КОИCА делегацияси раҳбари Ли Нам Бок. - Умумий миқдори 6 740 000 AҚШ долларини ташкил этадиган мазкур лойиҳа орқали Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига асбоб-ускуна ва жиҳозларни етказиб бериш, карантин тизимини такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича йўл харитасини тузиб, карантин ходимлари учун махсус тренинглар ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Ўзбекистон келажакда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт миқдорини кенгайтириш учун шу тарзда ҳаракат қилса имкониятлар янада кенгаяди.
Шу сабабли соҳани ривожлантириш учун тегишли лабараторияларни такомиллаштириш ҳамда карантин ходимларининг салоҳиятини ошириш муҳим ва ташкилий жиҳатдан халқаро меъёрларга мос янги тизимни тайёрлаш зарурати бор, деб ўйлайман.
Хусусан, 2023 йилдаги ташриф давомида кореялик экспертлар қатор ташкилотларда бўлишганди. Марказий фитосанитария лабораторияси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти, Наманган вилояти фитосанитария лабораторияси, Андижон вилояти “Дўстлик” ҳамда Тошкент вилоятининг “Яллама” чегара пости божхона терминаллари ва “Тошкент авиа карго” фаолияти ўрганилганди.
“Ўзбекистон Республикаси фитосанитария хизмати салоҳиятини ривожлантириш – ўсимликлар карантини чегара масканларини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида 4 та асосий йўналиш белгиланган бўлиб, учрашувлар давомида унинг таркибий қисмлари, Ўзбекистон ва Корея томонларининг лойиҳага қўшадиган ҳиссалари ҳамда устувор йўналишлар муҳокама қилиниб, уни бошлаш бўйича томонлар ўртасида муҳокама баёни ва кейинги босқичда халқаро шартнома тузилиши масаласида дастлабки келишувга эришилган.
Натижада ушбу лойиҳа орқали юртимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ва импорт қилинишида такомиллашган тизим юзага келади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xolU7tVMlt8" title="Chegarada oʻsimliklar karantini sohasida yangi tizim joriy qilinadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА