Шу кунларда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида милтиқдан ўқ отиш спорт тури бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги қитъа чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Катталар ўртасидаги мусобақаларнинг бир қатор дастурларида “Париж-2024” Олимпия ўйинларига йўлланмалар тақдим этилса, ёшлар ўртасидаги баҳсларда қитъанинг энг мерган спортчилари аниқланмоқда.
Қитъанинг 29 та давлатидан 400 нафар спортчи иштирок этаётган чемпионатда мамлакатимизнинг 3 нафар хотин-қиз ва 5 нафар эркак спортчилари ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига кўра, ёшлар ўртасида 10 метрга пневматик тўппончадан ўқ отиш дастурининг яккалик баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Илҳомбек Обиджонов Осиё чемпионлигига эришди.
Бугун, 15 январь куни чемпионат дастурига биноан тўппончадан 25 метрга ўқ отип мусобақалари бўлиб ўтади.
Чемпионат 18 январга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА