Пахтачиликда соғлом меҳнат ва рақобатни юзага келтириш бозор иқтисодиётининг муҳим қонуниятларидандир.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилда 140 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва 32 мингга яқин фермер хўжаликлари томонидан 136 та туманда 1 миллион 12 минг гектар ерга соҳа олимлари тавсиялари асосида ҳудудларнинг табиий иқлим шароитига мос 28 та районлашган ва 17 та истиқболли ғўза навлари экилган. Серҳосил ва тола сифати юқори бўлган 8 та ғўза навлари майдони 157 минг гектарга кенгайтирилди ва эртапишар навлар майдони 78 фоизга етказилган.

Пахтакорларга давлат томонидан молиявий кўмак ўз вақтида, тўлиқ суратда кўрсатилди. Жумладан пахта етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш мақсадида, пахта-тўқимачилик кластерларига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан жорий йилнинг ўзида қарийб 10 трлн. сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари кластерлар томонидан фермер хўжаликларига устама қўлламасдан, яъни ўтган йилга нисбатан 15-20 фоиз паст нархларда ўз вақтида етказиб берилиши таъминланган.
Пахта хом-ашёсига давлат буюртмасининг бекор қилиниши, қатъий нарх белгилаш амалиётидан воз кечилиши, соҳада хўжалик юритишнинг бозор муносабатларига мос янги кластер тизимининг жорий этилиши пахта етиштирувчиларда моддий манфаатдорликнинг ошишига хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, фосфорли ўғитлар 20-25 фоизгача, ёқилғи мойлаш материаллари 20-22 фоизгача арзонлаштирилган ҳолда етказиб берилгани пахта етиштириш харажатларини камайтириш имконини берди. Пахта хом ашёси таннархининг камайиши ўз навбатида унинг сотиб олиш баҳосини 20 фоизгача пасайишига олиб келди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жаҳон бозорида пахта толасининг котировка баҳоси таҳлил қилинганда, бугунги кунда бир тонна пахта толасининг ўртача баҳоси 24-25 миллион сўмга ёки бир тонна пахта хом ашёсининг баҳоси ўртача 8-8,3 миллион сўмга тўғри келмоқда.
Сўнгги йилларда замонавий технологиялардан фойдаланишга эътибор берилмоқда. Шу йилнинг ўзида пахта майдонларининг 80 минг гектарида томчилатиб суғориш тизими жорий этилди ва 111 минг гектари лазерли текисланди. Натижада, 250 минг гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар асосида пахта етиштирилди ва 300 минг гектар майдонда ер текисланиб юқори сифатли агротехника жорий этилди.
Соҳага замонавий агротехник тадбирлар ҳамда ресурс тежамкор инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши натижасида, пахта ҳосилдорлиги ўтган йилга нисбатан 4 центнерга ошиши ва ўртача 38 центнерга етказилиши ҳисоб-китоб қилинди.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кластерларга 4,9 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди.
2023 йил мавсумида 1 минг 47 та пахта териш машиналари билан 1 миллион тонна ёки 28 фоиздан ортиқ пахта хом ашёсини териб олиш имкони яратилди. Айрим ҳудудларда механизатор операторлар томонидан 20-22 соат давомида 65-70 тоннагача пахта терилмоқда.
Бугунги кунга қадар, 31 мингдан ортиқ фермер хўжалигининг 60 фоизида кўзланган режа ортиғи билан бажарилиб, ҳосилдорлик 40-45 центнерни ташкил этди. 65 та фермер хўжалигида 55-60, 123 та фермер хўжалигида 50-55, 238 та фермер хўжалигида 45-50, 476 та фермер хўжалигида эса 40-45 центнердан пахта ҳосили етиштирилиб, юқори даромад олишга эришилди.
Муҳайё Тошқораева тайёрлади,
ЎзА