Маълумки, нодавлат олий таълим ташкилотлари молиявий жиҳатдан мустақил бўлиб, тўлов контракт суммалари ташкилот томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб республикамизда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 1 000 та ўрин ажратиб бориш ва бу ўринларни нодавлат олийгоҳлар ўртасида тақсимлаш йўлга қўйилди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан нодавлат олий таълим ташкилотларида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга имконият яратиш мақсадида давлат томонидан ажратилган ўринлардан ташқари ўз ташаббуслари билан ажратилган грантларни аниқлаш бўйича мониторинг ўтказилди.
Унга кўра, жорий йилда нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан иқтидорли ёшларга 2000 тадан ортиқ грант ўринлари ажратилгани ва турли стипендиялар жорий қилингани маълум бўлди.

Нодавлат олий таълим ташкилотлари ўртасида ўз маблағлари ҳисобидан энг кўп грант ўринлари Тошкент вилоятидаги ISFT (International school of finance technology and science) институти ҳамда Тошкент шаҳридаги Акфа ва Инха университетлари томонидан ажратилган.
– Нодавлат таълим хизматларини кўрсатаётган инвестор фақатгина пул топишни мақсад қилган бўлса, муваффақиятга эриша олмайди. Дунёдаги нуфузли хусусий университетлар ҳам иқтидорли ёшлар учун грант ўринлари ажратади.
Зеро, иқтидорли ёшлар келгусида иш берувчилар ўртасида университетнинг мавқейини оширишга хизмат қилса, иккинчидан, курсдошлари ўртасида таълим муҳитини яратади. Лидер сифатида бошқаларни ортидан эргаштира олади.
Жорий йилда кундузги таълимга 800 нафар талаба жалб қилишни режалаштирган бўлсак, уларнинг 30 фоизи – 260 таси грант асосида ўқишга қабул қилинмоқда. Шундан 10 таси Президентимиз қарори асосида бизга давлат ҳисобидан ажратиб берилган бўлса, 250 тасини ўз ташаббусимиз билан жорий қилдик.
Жумладан, Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг таълим олишга имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўзимизни кичик ҳиссамизни қўшиш мақсадида 50 та ўринни айнан қизларимизга ажратганмиз. Келгуси йилларда ҳам грант ўринларини янада кўпроқ ажратиш, қизларимизни қўллаб-қувватлашни режалаштирганмиз.
Ёшларимиз яратилаётган имкониятдан унумли фойдаланиб, нафақат маҳаллий миқёсида, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишидан умид қиляпмиз, – дейди ISFT институти ректори Мансур Ниязметов.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда аксарият нодавлат олий таълим ташкилотларининг 1-курсига қабул жараёнлари давом этаётган бўлиб, бошқа нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳам ички имкониятлардан келиб чиқиб, грант ўринлари ажратишлари мумкин.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА