Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 2 июлда эълон қилинган)
Икэда: – Болаларга бундай муносабат қилиш учун чуқур эътиқодли одам бўлиш керак.
Ч.Айтматов: – У шундай бўлган. Масиҳнинг: “Сизга ҳақиқатни айтаман, агар ўзгармасангиз ва худди болалар каби бўлмасангиз, Худонинг мағфиратига сазовор бўлолмайсиз”, деган ўлмас ўгити ёзувчининг юрак қони билан ёзилган матнда нур сочади.
Икэда: – Бугун аксарият катталар болалигидан қарийб уялиши, бош тортиши ёки унга истеҳзо билан қараши, ва ҳатто қўрқиши шу билан изоҳланмасмикан?
Ч.Айтматов: – Кечирасиз, нима билан?
Икэда: – Улар аввал ҳис этган туйғулар эндиликда соддалар жўшқинлигидай туюлади. Энди улар бунга қодир эмас. Ҳа, асосийси, жуда кўп нарсаларни зиммасига олиш талаб этилади.
Ч.Айтматов: – Менимча, сиз энг оғриқли нуқтани топдингиз. Ўз вақтида айрим танқидчилар “Оқ кема” учун мени боланинг нимжон елкасига кўтариб бўлмас даражада оғир юкни, англаб бўлмас ҳислар ва ундан ҳам баттарроқ фикрларни ортганликда айблашди. Бу нуқтаи назар, юмшоқ қилиб айтганда, инсофсизлик. Қандай хафа бўлмайсиз, ахир жамиятнинг бузиб кўрсатилган ғайриинсоний мафкураси туфайли оғриётган бола қалбининг фожиасидан қочиб қутулиб бўлмайди. Биз бошида чин юракдан “Ҳамма яхши нарсалар – болалар учун!”, “Совет болалари дунёда энг бахтлидир!”, деб тантанали равишда эълон қилганимизни тан олишга тайёрман. Аммо бу “совет турмуш тарзи” тарғиботи учун хизмат қилувчи яна бир сурбет ёлғон бўлиб чиқди. Энг қўрқинчлиси, давлат янгича одам ясашни боғчаданоқ, ҳатто ундан ҳам олдин бошлади. Ахир бу шахсга зуғум, биз тан олмаганимиз, сохта фан деб эълон қилганимиз илоҳиёт – генетикага шафқатсиз хужум-ку. Билмайман, катта тадбирлар ва сиёсий маросимлардан нусха кўчиришга, қалбсиз робот бўлишга мажбурланган (албатта, ўзи ва давлат манфаати учун) бола қандай азобни бошдан кечириши мумкинлигини адабиётда тўлиқ тасвирлаб бўлармикан. ХХ асрнинг даҳшатли мистерияси! Иблисга бағишлов!Ишонч билан айтаман: гуманистик жамиятнинг асосий муаммоларидан бири – болаликка бўлган муносабатни ўзгартириш. Бунинг мазмуни нима? Менимча, аввало уни тушуниш, кейин эса, агар қалби ўзига тааллуқли бўлса, аяш керак. Ўсмир ҳамма нарсадан кўпроқ уни одам ўрнида кўришларига эҳтиёж сезади. Одамни эса, ўзи одам бўлганларгина кўриши мумкин.
Икэда: – Ва эшитиши ҳам.
Ч.Айтматов: – Гўдак тилидаги ҳақиқатними?
Икэда: – Ҳамма гап ҳақиқатнинг тагида нима ётганида.
Ч.Айтматов: – Нима ётган бўлмасин, мафкурага ҳеч бир алоқаси йўқ нарса.(Давоми)
Икэда: – Кечирасиз, азиз биродарим, биз “Бола тилидан...” деб номлаган суҳбатимизга қайтишимиз шартдай туюлди менга. Орадан кўп вақт ўтиб, мен даъфатан англаб етдимки, гап ҳали охирига етмабди. Энг муҳим жойида тўхтаган эдик – бола тилидаги Сўзнинг ички мазмуни, ҳақиқатнинг айтари нима ўзи. Бу ҳолатда ҳақиқат мантиқий фикрлашнинг ҳосили эмас, балки, қалбнинг илҳомидир. У нур каби ташқарига ёриб чиқади ва дунё ўзининг соддагина ҳақиқатини намоён қилади, демак, бу илоҳий лаҳза ҳам худди шундай – боланинг қалбида қайта туғилган. Шундай килиб, Сўз – янги ҳаёт меваси, у эса, яхши маълумки, ягона Ҳақ измида.
Ч.Айтматов: – Кези келганда, болалардан, кечирасизу, ҳатто донишмандларнинг хаёлига келмайдиган мулоҳазаларни эшитамиз. Улар нега изтироб чекиши керак, қандай дўзах ўртамоқда ичларини?!
Икэда: – “Жаннат ичимиздадир”, деган сўзнинг тўғрилигига ишонасизми ё? Шу ўринда, ушбу мавзуни кейинги суҳбатларимиздан бири учун таклиф қилмоқчиман.
Ч.Айтматов: – Маъқул. Яна такрорлайман, биз катталарни силкитиб ташлайдиган болалик тасаввурлари олдида ҳайратланмай туролмайман. Гўёки ўзлари тушунмайдиган фикрларни кимдир уларнинг қулоғига шипшиб, оғзига солиб қўйгандай. Ҳар ҳолда, улар бу ҳақида аниқ ҳисоб беролмайди. Нима бу? Комил ишонч билан тан олиш мумкинки, аввалбошдан Сўз бор эди ва Сўз – бу Худо. Шу ерда хулосага келаман: Худони Сўздан излаш керак. Кенг қамровли Сўздан. Фақат шундай Сўзгина, Худонинг сўзигина ёвузликка қарши тура олади. Кунлар оша, асрлар оша... Бобилий аросатнинг шайтоний қарғиши энг аввало Сўзга текканининг, натижада одамлар бир-бирини тушунишни буткул унутганининг боиси шу эмасмикан? Худо ана шундай парчаланди ва ташиб кетилди, бу биз учун кўп вақтга етиб-ортди. Узоқ чўзилди. Аммо абадий давом этмайди-ку! Сўзнинг парчаланган бўлакларини қайсидир йўл билан бирлаштиришга заҳматли уринишлар пайдо бўлиши керак эмасми? Эҳтимол, бугун одамлар, айниқса, уларга таҳдид солувчи табиий офатлар – оқибатда инсон зотининг йўқ бўлиб кетишини ўйлаб ҳис этилган қаттиқ ва аччиқ қайғу, сирли қўрқув табиатининг генетик негизида, эҳтимол, ўша залворли ва муқаррар уринишлар ётгандир?Икэда-сенсей, сиз билан биз дунёнинг турли бурчакларида яшаймиз, аммо бизни Сўз бирлаштиради. Биз дунёни қутқара оламизми, нажот нимада? Наҳотки адабиёт, Тарихнинг тугашини орқага сурибгина қолмай, қайсидир йўл билан инқирозни бартараф этишга қодир бўлса: умуман олганда, бундай ўйлардан воз кечиш ҳам мумкин, аммо бу, афсуски, фожиали хотима эмасми? Албатта, олдимизда пайдо бўлган муаммоларни бартараф этиш учун ягона, ҳарёқлама восита сифатида фақат адабиётга кўз тутиш соддаликдир. Аммо янги Сўзга ишониш соддалик эмас, ана шунда биз, одамлар, Худо каби тенгсиз ва Худонинг олдидаги каби тенг бўламиз. Қаердан ҳозир бўлади бу Сўз? Ҳозир бўлишига умид борми ўзи? Ўйлашимча, айримлар тан олишни истамаса-да, дунёни ҳис этиш ва англаш – ҳозирги “янги фикр” атамаси билан боғлиқ бўлгани каби, янги Сўз – бу янги ҳосил. Буни қарангки, бугунги кунда у кўп янгиликдай тасаввур ҳосил қилади; аслида эса (ҳар қандай ҳолатда ҳам, адабиётга нисбатан) азалдан мавжуд. Шундай қилиб, Гёте жаҳон адабиётида эълон қилган ғоясида, табиийки, ҳозир айтганимиздек, умуминсоний қадриятлар устуворлигини назарда тутган, санъатнинг мазмуни ва вазифаси унга таянади, деб билган.
Икэда: – Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Олий тараққиётнинг ўзаги, донолар ХХI юз йиллик бўсағасида ўйлаганидек, инсониятни бирлаштириш ғоясидадир. У гоҳ пайғамбарлар Сўзидан илҳомланиб ярқираган, гоҳ мунофиқлар томонидан тепкиланиб ҳақоратланган, ҳатто тарихнинг энг қоронғи даврида ҳам халқларнинг машаққатли йўлини, истайсизми-йўқми, ҳамиша ягона Аллоҳга томон бурган. Бу нимадан гувоҳлик беради? Қалбида болалик маъсумлиги ва поклигини умрбод сақлаб қолишга қодир инсоннинг, мукаммал олам образида акс этган самовий орзу тимсолининг абадийлиги ва муқаррарлигидан.
Нима учун, масалан, Достоевский жаҳон адабиётидаги энг ажойиб қаҳрамонлардан бири Дон Кихот, деб билган? У – мангу бола. Ғамгин Қиёфали рицарнинг бахти шундаки, у рост гапиради ва бу унга ҳеч нарсага арзимасдай туюлади. У қандайдир сохта руҳий зўриқишларга, қўрқувни енгишга эҳтиёж сезмайди, мард бўлиш учун ўзини кўндиришнинг кераги йўқ. Бундай фикрлар миясига келмайди ҳам. Унда ҳақиқатнинг ўзи гапиради.
Ч.Айтматов: – Охирида эса... Қизиқ, қиролнинг яланғочлигини овоз чиқариб айтадиган болани қандай қисмат кутади?
Икэда: – Боланинг сўзлари сарой аъёнларини қанчалик кучли даҳшатга солганини тахмин қилиш мумкин. Бу ерда ҳаммаси маълум-ку. Наҳотки сиз, “Оқ кема”даги исмсиз болани, сизни бунда айблаганларидек, ўз ихтиёрингиз билан ҳалокатга дучор қилган бўлсангиз? Ҳаётнинг бундай ҳақиқати, унинг ўзгармас қонуни: ҳақиқатпараст (бола шафқатсиз Ўрозқулни “фашист” деб атайди – катталардан бирортаси қилолмаган иш!) ўзини ўтга уради ва фожиага дучор бўлади. Унинг оламида ҳаётнинг асил моҳияти намоён.
Ч.Айтматов: – Замонавий адабиётнинг кўп ҳолларда болаларни қаҳрамон қилиб олиши, асло тасодифий эмас. Инсондаги инсонлик ўлчови – болалик виждони. Дунё ҳар қачонгидан кўра ҳозир инсоний идеалга муҳтож, янги сўз кутмоқда. Менимча, бу ғояни шоир гўзал ифода этган: “Дунёни билим тажрибасига эга болалар бошқариши керак”. Шундай эмасми?
Икэда: – Эҳтимол.
(Давоми бор)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси