Ахборот майдонидаги барқарорлик қандай бўлиши керак?
Бугунги кунда ахборот узатиш, алмашиш тезлиги қанча, у қандай ўлчамларда белгиланади? Ўзбекистонда ҳам бутун дунёдаги каби маълумотлар сонияларда янгиланмоқда. Шиддаткор замоннинг айтадигани яхлит ахборот майдонида бир зумда пайдо бўлмоқда. Яхшиликка чорловларидан бўлак, ёмонликни тарғиб қилувчи, фикрларни сарсон қилувчилари ҳам талай.
Мамлакатда ягона ахборот сиёсатини яратиш, давлат идоралари ва ташкилотлари фаолиятини халққа янада яқинлаштириш ва шу орқали аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини бартараф қилиш мақсадида 2019 йил 27 июнда имзоланган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ 4366) бугунги кунга келиб, амалда кутилган натижаларини кўрсата бошлади.
1100 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилди. Қарор билан матбуот котибларининг мақоми алоҳида белгилаб қўйилди. Шароитлар, моддий-техник базаси ва таъминоти масаласи ҳал этилди. Энг асосийси, давр талабидан келиб чиққан ҳолда вазифалар белгиланди. Бунда ЎзР Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига матбуот хизматлари ишини мувофиқлаштириш бўйича бир қатор ваколатлар берилди, вазифалар юкланди.
2021 йил 7 апрель куни АОКАда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов билан ахборот хизмати раҳбарларининг учрашуви очиқлик ва самимийлик мезонларига таянди. Албатта ҳар бир кун ҳисобли. Ғалвир сувдан кўтарилганда кўп нарса аён бўлади, деймиз. Шундай ҳам бўлди. Ш.Асадов ҳар бир вазирлик, идора, ташкилотларни номма-ном санади, фаолиятини таҳлилий кўрсаткичлари билан муҳокама қилиб берди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар билан яқиндан алоқанинг ўрнатилмагани матбуот хизматларининг иши аниқ белгиланмаганидан далолатлигини, муаммоларга ечим топишда айтарли даражада мақсадли ҳаракат бўлмаётганини таъкидлади. Кўп ҳолларда масала идоралараро сансалорликка дуч келаётганини, эндиликда фаолиятлар регламентини ишлаб чиқиш билан бунга чек қўйилишини баён қилди.
Айниқса, матбуот хизматларининг ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан эълон қилинган танқидий чиқишларга ўз вақтида, аниқ муносабат билдирмаётгани мамлакат имижи ва халқаро миқёсдаги обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги уқтирилди. Хорижий ОАВда материаллар чоп этиш, чет эллик журналистлар билан ҳамкорлик қилиш, мурожаатлари билан ишлашнинг янги механизмлари ҳақида маълумотлар берилди.
Масъулият, масъулият ва яна масъулият. Йиғилишда фаолият йўналишларига кўра вазифалар тақсимоти қайта кўриб чиқилди. Ҳисобот муддати ҳар 6 ойда эмас, 1 ой қилиб қисқартирилди.
Ш.Асадов келгусида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг учрашувини ташкил этиш орқали уларнинг матбуот хизматларига бўлган муносабатини янада яхшилаш, аҳоли мурожаатлари, муаммолари билан жиддийроқ ишлашига эришиш мумкинлигини қайд этди.
Яқин кунларда ахборотлар хавфсизлиги стратегияси ишлаб чиқилиб, уни ҳаётга самарали тадбиқ этишга тайёргарлик кўрилаётгани айтилди.
Хуллас, шиддаткор давр талаб ва чақириқларига матбуот хизматлари биринчилардан бўлиб отилиб чиқиши, халқ манфаатлари ҳимоячиси, давлатнинг юзига айланиши лозим.
Лаълихон СОБИРОВА,
«Uzbekistan Airports» АЖ
матбуот котиби