Ш.ШЕРМАТОВ: Шу вақтгача ўқитувчиларнинг қўлига бу қадар катта миқдордаги пул маблағлари берилмаган эди
Олимпиада ғолибларининг 6 нафар ўқитувчилари учун умумий 356 миллион 800 минг сўм ажратилган.
Бугун, халқ таълими вазирлиги томонидан Халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчи ва уларнинг устозларини бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда сўзга чиққан Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, илк бора мактаб ўқитувчилари мана шундай катта пул маблағи билан тақдирланмоқда. Олимпиада ғолибларининг 6 нафар ўқитувчилари учун умумий 356 миллион 800 минг сўм ажратилган.
“Ўзбекистон тарихида биринчи бор халқаро биология олимпиадасининг олтин медали ўзбек фарзанди қўлга киритди. Айнан бу йил Президентимизнинг мурожаатларида ҳам кимё, биология фанларининг устуворлиги белгиланган эди.
Мана бугун кимё ва биологияда ғолиб бўлган ёшларимизни тақдирлаб турибмиз. Албатта, бу мустақиллик байрами учун ўзига яраша мукофот бўлди. Халқ таълими вазирлиги қошида халқаро олимпиадалар билан ишлаш департаменти очилган эди. Бу департамент мактаб ёки лицей ўқувчилари билан бирга ишлаб тизимли натижага эришишга ҳаракат қилади. Мана натижалар ҳам чиқиб турибди.
Яна бир гап, Президентимизнинг ўтган йилги қарори билан ўзига яраша тарихий адолат тикланди. Йиллар давомида асосан спортда ютуқларга эришганлар тантанали кутиб олинган, пул ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган. Илм-фан бўйича эса фақат мақтов ёрлиғи билан чекланарди. Мана ҳозир жуда катта пул маблағлари берилди. Нафақат ўқувчилар уларни тарбиялаган ўқитувчилари ҳам пул маблағлари билан тақдирланди.
Шу вақтгача устозларнинг қўлига бу қадар катта миқдордаги пул маблағлари берилмаган эди. Бу ҳам Президентимизнинг шу йўналишдаги қарорлари шарофати. Ёшларимизга мотивация бериш энг катта масала. Майда-чуйда олимпиадалар кўп, аммо бугун ёшларимиз энг йирик бешта олимпиаданинг бирида юқори даражали ютуқларни қўлга киритгани учун мукофотланди”, дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.