Юқори савияда ўтган VIII Тошкент халқаро марафонида ғолиб ва совриндорлар аниқланди
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган VIII Тошкент халқаро марафони юқори савияда ўтказилди. Мазкур нуфузли спорт тадбири нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим омилга айланмоқда.
Саккизинчи бор ўтказилган марафонда профессионал спортчилар билан бир қаторда, турли ёш тоифасидаги минглаб ҳаваскор югуриш ишқибозлари ҳам фаол иштирок этди. Мусобақа давомида майдонда ҳукм сурган кўтаринки кайфият, иштирокчилар ва томошабинларнинг бирдек фаоллиги ушбу спорт байрамига алоҳида руҳ бағишлади.

Марафонда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 15 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашди. Мусобақа “Ҳумо Арена” мажмуасидан старт олиб, пойтахтнинг марказий кўчалари орқали ўтди. Йўналишлар шаҳарнинг замонавий қиёфаси ва инфратузилмасини намоён этган ҳолда, иштирокчиларга ўзига хос таассуротлар тақдим этди.
Эркаклар ўртасида 42 километрлик тўлиқ марафонда Шоҳрух Давлатов барчадан устун келиб, маррага 2 соат 16 дақиқа 28 сонияда етиб келди. Иккинчи ўринни Андрей Петров, учинчи ўринни эса беларуслик Владислав Прямов эгаллади.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда Екатерина Тунгускова ғолибликни қўлга киритди. Кейинги ўринлар Индина Евгелина ва Елина Толстихга насиб этди.
Ярим марафон — 21 километр масофада эркаклар ўртасида Ҳасан Мирсоатов биринчи бўлиб маррага етиб келган бўлса, Нуриддин Раҳматов ва Руслан Ҳожиев совриндорлар қаторидан жой олди. Аёллар ўртасида эса Маржона Аҳмадалиева ғолиб деб топилди. Шунингдек, Иродахон Олимова ва Дилфуза Аллаёрова юқори ўринларни эгаллади.

10 километрлик масофада эркаклар ўртасида Эдуард Батрушин биринчи бўлди. Ундан кейинги ўринларни Бекзод Бойматов ва Элдор Ботиров банд этди. Аёллар ўртасида эса Алина Ҳакимова ғолибликни қўлга киритди. Садафбону Нусратуллаева ва Дилшода Усмонова совриндорлар сафидан ўрин олди.
5 километрлик йўналишда эркаклар ўртасида Жобир Қаҳҳоров биринчи бўлди. Жаҳонгир Раҳматуллаев иккинчи, Диёрбек Даминов эса учинчи натижани қайд этди.

Шунингдек, дастурдан ўрин олган 3 километрлик скандинавча юриш ва оммавий югуриш, 2 километрлик инклюзив йўналиш, шунингдек, болалар учун ташкил этилган Kids Run мусобақаларида ҳам иштирокчилар фаол қатнашиб, эсдалик совғалари ва медаллар билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА