Самарқанд – жаҳон триатлон марказига айланди
Кейинги йилларда мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларини аҳоли ўртасида оммалаштириш ва маҳоратли спортчиларни аниқлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари бўйича халқаро мусобақалар мунтазам ташкил этилмоқда.


Жумладан, триатлон ҳам бугун ёшлар ўртасида оммалашаётган спорт турларидан. 1995 йилда мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” жамияти тузилмасида триатлон бўлинма сифатида ташкил этилган. Орадан узоқ йиллар ўтиб, 2019 йил 3 май куни Ўзбекистон Триатлон федерацияси ташкил этилди.
Федерациянинг ташкил этилиши эса мамлакатимизда ҳаваскор ва профессионал триатлончилар пайдо бўлишига замин яратди. Бугунги кунга келиб Траитлон федерацияси томонидан ушбу спорт тури оммавийлигини янада ошириш, уни тарғиб қилиш, ёшларни унга қизиқтириш борасида бир қатор нуфузли мусобақалар, спорт тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Мазкур тадбирларда эса жаҳон миқёсидаги профессионал спортчилар иштирок этиб, мамлакатимиз ҳаваскор спортчиларининг маҳоратини оширишга ҳисса қўшмоқда.


Ана шундай мусобақалардан бири Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Аниқроғи, триатлон бўйича жаҳон серияси босқичи ҳамда паратриатлон бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларининг ўтказилиши мамлакатимиз спорт ҳаётида улкан аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеа сифатида баҳоланди. Мазкур нуфузли мусобақалар Ўзбекистонда триатлон спорт турининг ривожланишида мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Илк бор юртимизда “World Triathlon Championship Series” босқичининг ўтказилиши халқаро спорт жамоатчилигининг Ўзбекистонга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолатдир. Мусобақаларда иштирок этиш, ҳакамлик қилиш ва ташкилий жараёнларда қатнашиш учун 44 дан ортиқ давлатдан спортчи, мураббий ва расмийлар Самарқандга ташриф буюрди.


Дарҳақиқат, Самарқанд бугунги кунда жаҳон триатлонининг муҳим марказларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Замонавий инфратузилмага эга қадимий ва ҳамиша навқирон ушбу шаҳарда апрель ойи сўнгги кунларида мазкур спорт тури бўйича ўтган икки йирик мусобақа сабаб, Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа биринчиликлари совриндорлари, миллий федерациялар вакиллари, ҳакамлар, волонтёрлар ҳамда минглаб спорт мухлислари жам бўлди.
Жаҳон серияси доирасида спортчилар сузиш бўйича 1,5 километр, велобосқичда 40 километр ва югуришда 10 километр масофада рақобатлашди. Ушбу масофада жами юз нафарга яқин атлет иштирок этди. Эътиборлиси, мазкур баҳсларда олимпиада иштирокчилари ва дунё рейтингида энг юқори поғонани эгаллаб турган спотрчилар – Лиса Терцч, Бетҳ Поттер, Кассандре Беаугранд, Мигуэл Ҳидалго, Васко Вилажа ва бошқа маҳоратли атлетлар қатнашди.


“Silk Road Samarkand” халқаро туристик марказида ўтган “World Triathlon Championship Series – 2026” мусобақасининг эркаклар ўртасидаги беллашувларида Вашку Виласа (Португалия) ғолиб бўлди. Ҳенри Граф, (Германия) ва Шарль Паке (Канада) кучли учликдан жой олди. Аёллар ўртасидаги беллашувларда Буюк Британия вакили Бет Поттер, франциялик Леони Перио ва люксембурглик Жанн Леҳайр шоҳсупага кўтарилди.
Қувонарлиси, ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон вакили Жереми Киндос ҳам иштирок этиб, юқори натижа қайд этди ва мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилди.


Шунингдек, “World Triathlon Para Cup” мусобақалари доирасида паратриатлон бўйича беллашувлар ҳам ўтказилди. Унда жисмоний имконияти чекланган спортчилар (PTS2–PTS5), аравада ҳаракатланувчи спортчилар (PTWC) ҳамда кўриш қобилияти чекланган атлетлар (PTVI) ўз гидлари билан спринт масофасида – 750 метр сузиш, 19 километр велосипед, 5 километр югуришда куч синашди.
Ушбу беллашувларда ҳамюртимиз Рустамжон Сатиболдиев PTS2 тоифасида, Шоҳсанам Собиржонова эса PTS5 таснифида бронза медалини қўлга киртиди. Шунингдек, вакилларимиздан Камолахон Ахматхонова, Машҳурбек Абдусаматов ва Бахтиёр Муртазоев каби паратриатлончиларимиз ҳам мусобақада фаол иштирок этди.


Спортчиларимизнинг бу каби муваффақияти давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасидаги ишлар самарасидир.
Дарвоқе, жаҳон серияси доирасида триатлон бўйича Очиқ Ўзбекистон чемпионати ҳамда Миллий чемпионатнинг ўтказилиши мусобақанинг аҳамиятини янада оширди. Унда ҳаваскор спортчилар, миллий терма жамоа аъзолари ва асосий таркибга номзодлар қатнашди.

Мазкур йирик спорт тадбирининг юқори савияда ташкил этилиши мамлакатимизда спортга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Сўнгги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларни қабул қилиш, спорт инфратузилмасини модернизация қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанддаги мазкур старт ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.
Умуман олганда, Самарқандда ўтказилган триатлон бўйича “World Triathlon Championship Series – 2026” ва паратриатлон “World Triathlon Para Cup – 2026” мусобақалари Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини янада оширди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА