"Ёшлик баҳори" чорлайди
Пойтахтимизда "Ёшлик баҳори" ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивалининг саралаш босқичига старт берилди.
Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу лойиҳа 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилига бағишланади.
Истеъдод соҳибларини барвақт аниқлаш миллий санъатимизнинг истиқболдаги равнақини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур кўрик-фестивалдан кўзланган асосий мақсад ҳам ижодий салоҳияти юксак бўлган ёшларни аниқлаш, уларни элга танитиш, ёш опера хонандаларининг ижодини таҳлил этиш, уларга самарали йўл-йўриқлар кўрсатишдан иборатдир.
Кўрик-фестивалда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар қатнашмоқда. Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар мобайнида ушбу лойиҳаларда муваффақиятли қатнашган ёшлар бугун юртимиз ва хорижий ижодий жамоалар таркибида самарали меҳнат қилмоқда. Иштирокчилар ижроси Рамз Усмонов, Аваз Ражабов, Руслан Гафаров, Самандар Алимов каби опера санъатимизнинг ёрқин юлдузлари, таниқли бастакор Ҳабибулла Раҳимов каби мусиқа билимдонлари томонидан баҳолаб борилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА