Ёшлар – хавфсиз ҳаракат маданияти тарғиботчиси (+видео)
Навоий вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев ва вилоят прокурори Абдуқаҳҳор Муллажонов иштирокида “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан “Ёшлар ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятини шакллантириш” мавзусида маърифий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда олий ва умумтаълим муассасалари ўқувчи-ёшлари, ИИВ Навоий академик лицейи тингловчилари, спортчилар ҳамда қоидабузарлик содир этган ёшлар иштирок этди.


Тадбир аввалида сўзга чиққанлар ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, мамлакат аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи ёшлар – юрт келажаги ва тараққиёт таянчи ҳисобланади. Шу боис, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тўғри йўналтириш ва хавфсиз ҳаёт тарзига ўргатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.


Учрашув доирасида “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби аъзолари томонидан саҳна кўриниши намойиш этилди. Унда йўл ҳаракати маданияти, қоидаларга риоя қилишнинг аҳамияти таъсирчан тарзда ёритиб берилди.


Шунингдек, иштирокчилар замонавий техник воситалар ва қурилмалар билан яқиндан танишди. Бу эса уларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги билим ва тасаввурларини янада бойитди.
Учрашувда ёшлар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари, ҳуқуқбузарлик ва жиноят ҳолатлари таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва салбий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Намойиш этилган видеоролик эса иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.

– Очиқ мулоқотда ёшларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қийнаб келаётган муаммоларини бемалол айта олишди, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ёшлар етакчиси Дилшод Муҳаммадов. – Бўлиб ўтган видеороликлар тақдимотида ҳам шундай ҳолатлар намойиш этилдики, ёшларимизни сергакликка чорлади. Бу эса уларга йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига пиёда ёки ҳайдовчи сифатида қатъий риоя қилиш зарурлигини англатди.

Учрашув сўнггида фаол, интилувчан ва ташаббускор ёшлар тақдирланди. Уларга вилоят прокурори ҳамда ИИБ бошлиғининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тарихи акс этган музей бўйлаб ташкил этилган саёҳат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу эса, ўз навбатида, ёшларни касбга йўналтириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Бундай учрашувлар ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3_hSCNfIYIw" title="Yoshlar – xavfsiz harakat madaniyati targ‘ibotchisi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири