Дунёга машҳур “Аватар” узуми Ўзбекистонда кўпайтирилади (+видео)
Оҳангарон туманининг салқин ҳавоси, ноёб иқлим шароити, ер майдонлари узумнинг “Аватар” (Моон дропс) навига мос келди. Ушбу навнинг ватани Калифорния бўлиб, Ўзбекистонда илк бор унинг узум плантацияси ёш тадбиркор Ёдгоржон Аминжонов томонидан 26 гектар майдонда тадбиқ қилинди. Авваллари ушбу ерлар суғориш қийинлиги, нотекислиги учун деҳқончиликнинг бошқа йўналишларига ноқулай бўлган. “Аватар” узумлари қурғоқчиликка чидамли нав бўлгани учун замонавий томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилиниб, ўтган йили дастлабки ҳосил экспортга жўнатилди. Килосини 8 АҚШ долларидан сотган тадбиркор, даромадини янада кўпайтириш ниятида.
- Президентимизнинг ёшларга бўлган эътибори туфайли ерни ноль қийматида бизга тақдим қилишди, - дейди 28 ёшли тадбиркор Ёдгоржон Аминжонов. – Биз бу имкониятдан фойдаланган ҳолда 100 гектарга яқин узумзор барпо қилдик. Ҳозирда анъанавий ва УФО услубида боғ яратдик. УФО усулида “Аватар” экиб, биринчи йилдан ҳосил ола бошладик. Анъанавий Олтиариқ усулида 3 йилда узум ҳосилга киради. Ўтган йили гектаридан 5 тоннагача мева олдик. Туркияга, Испанияга экспорт қилдик. Ўртача бўлган ҳосилни магиз кўринишида Араб давлатлари ва Голландияга экспорт қилдик.
Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Шодмалик ота” маҳалласи ҳудудида жойлашган замонавий саноатлашган узум плантациясида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унинг доирасида юртимизда дастлабки “УФО” технологияси асосида барпо этилган узумзор журналист ва блогерларга таништирилди.
Ушбу боғ Калифорния тажрибаси асосида яратилган бўлиб, узум етиштиришда юқори самарадорликка эришиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда маҳсулот сифатини ошириш имконини бермоқда.
Тадбир давомида иштирокчиларга агросаноат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидландики, бугунги кунда республикамиз ҳудудларида жами 365.5 минг гектар мевали боғлар мавжуд бўлиб, 2025 йилда 3.4 млн тонна ҳосил олинган. Шунингдек, юртимизда 207.1 минг гектар узумзорлардан ўтган йилда 2 млн тонна ҳосил кўтарилган.
2025 йилда жами 30 минг гектар интенсив мевали боғ ва узумзор барпо этилди. Уларнинг салкам 12 минг гектари тоғ олди ва қир адирликларда, 18 минг гектардан зиёди яроқсиз боғ-токзорлар ўрнида ташкил қилинди.
Шунингдек, ушбу давр мобайнида иқтисодий самарасиз, яроқсиз ва кам ҳосилли бўлган 35.7 минг гектар боғ-токзорлар реконструкция қилиниб, улар ўрнида 17.3 минг гектар майдонга янги интенсив боғ ва узумзорлар барпо этилди.
2026 йилда ҳам мақсадлар улкан. 30.5 минг гектар мевали боғ-токзорлар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 10 апрель ҳолатига кўра жами 16.2 минг гектар боғ ва узумзорлар ташкил қилинди. Барпо этилган боғ-токзорлар учун 14.4 млн туп кўчатлар етказиб берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/U7yOjrL7B4w" title="Dunyoga mashhur “Avatar” uzumi O‘zbekistonda ko‘paytiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА