Ёшлар билан учрашувда волонтёрлар сафи кенгайди
Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида вилоятнинг 19 та шаҳар ва туманларидан янги волонтёрлар сафига қўшилган уюшмаган ёшлар иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Мазкур учрашув ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларни қутқарувчилик касбига қизиқтириш ҳамда волонтёрлик ҳаракатини янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Бугунги кунга қадар бошқарма тизимидаги волонтёрлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ҳозиргача 800 дан ортиқ волонтёрлар махсус платформа орқали рўйхатдан ўтган бўлса, Президентнинг фармон ва қарорлари ижроси юзасидан 2026 йил бошидан буён яна 190 нафар янги волонтёр ёшлар келиб қўшилди. Улар фавқулодда вазиятларда қутқарувчиларнинг энг яқин кўмакчиси бўлиб хизмат қилади.

Учрашув давомида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг қизиқишлари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Шунингдек, ёшларни қутқарувчилик касбига йўналтириш мақсадида Фавқулодда вазиятлар академияси ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Темурбеклар мактаби ҳақида маълумот берилди.

Тадбир давомида бошқарма тизимидаги мавжуд куч ва воситалар иштирокида махсус техникалар кўргазмаси ташкил этилди.


Бугунги учрашув ёшларнинг қалбида қутқарувчилик касбига бўлган қизиқиш, Ватанга хизмат қилиш туйғуси, жасорат ва фидойилик каби фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА