Малака, масъулият ва хавфсизлик – муҳим мезон
Аҳолига узлуксиз газ таъминотини етказиб беришда тизим ишчи-ходимларининг касбий билим ва маҳорати, хавфсиз шароитларда иш ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.
“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалининг газ тўлдириш шохобчаларида фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этиш даражасини баҳолаш мақсадида тест синовлари шаклидаги навбатдаги аттестация жараёни ўтказилди.

Мазкур синовда вилоят бўйлаб газ тўлдириш шохобчаларида меҳнат қилаётган 57 нафар ишчи-ходим иштирок этмоқда. Филиал директори Иброҳимжон Мамажонов ушбу тадбирнинг суюлтирилган газ таъминотини мунтазам ва сифатли ташкил этишдаги роли хусусида тўхталиб, ишчи-ходимларни фаолликка чорлади.

Аттестация давомида иштирокчиларнинг назарий билимлари билан бир қаторда амалий кўникмалари ҳам синовдан ўтказилди. Хусусан, газ ускуналаридан тўғри фойдаланиш, техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш сингари муҳим йўналишларга эътибор қаратилди.

– “Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали томонидан ташкил этилган аттестацияда иштирок этганим айни муддао бўлди. Саволлар унчалик қийин бўлмади. Бу синовлар биз “газчи”ларни келгусида ўз устимизда ишлашга, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишимизга туртки бўлди, – дейди “Поп” суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаси ходими Яшнар Мирҳамидов.
Дарҳақиқат, газ таъминоти корхонасида ташкил этилаётган бундай имтиҳон жараёнлари ишчи-ходимларнинг касбий савиясини ошириш, уларни замон талаблари асосида ишлашга тайёрлаш ҳамда аҳолига сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА