Ёш шахматчимиз “Central and North Asian Chess Championship 2026” ғолиби
Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида давом этаётган “Central and North Asian Chess Championship 2026” мусобақаси якунланишига бир тур қолганда терма жамоамиз аъзоси Иброҳим Жуманазаров 12 ёшгача бўлганлар ўртасида чемпионликни қўлга киритди.
Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида давом этаётган “Central and North Asian Chess Championship 2026” мусобақаси якунланишига бир тур қолганда терма жамоамиз аъзоси Иброҳим Жуманазаров 12 ёшгача бўлганлар ўртасида чемпионликни қўлга киритди.
Бугун, 7 июль куни ёш иқтидорлар ўртасида ўтаётган мусобақанинг 8-тур баҳсида Иброҳим Жуманазаров қозоғистонлик Альрами Мукашевни оқ доналарда мағлуб этиши ортидан муддатидан аввал чемпионликни нақд қилди.

Ортда қолган 8 та тур ўйинларида Иброҳим 7,5 очко тўплашга муваффақ бўлди. Рақибларидан 1,5 очко ўзиб кетиши унинг муддатидан аввал мусобақа ғолиби бўлишини таъминлади.
Айтиш лозимки, Марказий ва Шимолий Осиё шахмат чемпионати низомига кўра, И.Жуманазаров U12 тоифаси ғолиби бўлиш билан бирга ФИДE устаси унвонига ҳамда мукофот жамғармасининг 500 АҚШ доллари миқдоридаги мукофотга эга чиқди.

6 та давлатнинг иқтидорли шахматчилари қатнашаётган мазкур биринчиликда Ўзбекистон терма жамоасининг 87 нафар аъзоси турли ёш тоифасидаги баҳсларда иштирок этмоқда.
Ортда қолган 8 та тур ўйинларидан кейин терма жамоамиз аъзоларидан Комилхон Муртазаев ва Абдулазиз Ҳасанов 6 очко билан U8 ёш тоифасида 3-4 ўринларни, Сайфуддин Эркинбоев 7 очко билан U10 ёш тоифасида 1-ўринни, Акбар Мустафақулов 6 очко билан U12 ёш тоифасида 2-ўринни, Шавкатжон Абдухолиқов 6,5 очко билан U14 ёш тоифасида 2-ўринни, Жавоҳир Бозоров 5,5 очко билан U18 ёш тоифасида 3-ўринни, Нигина Худойбердиева қизлар ўртасида U8 ёш тоифасида 3-ўринни, Малика Норқулова 7 очко билан U10 ёш тоифасида 23-ўринни, Малика Жумаева 6 очко билан U16 ёш тоифасида 2-ўринни, Зилола Актамова 6,5 очко билан U18 ёш тоифасида 1-ўринни эгаллаб турибди.
Т.Рўзиев, ЎзА