Дзюдочиларимиз жаҳон чемпионатини кучли бешликда якунлади
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси» уч кун давомида дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Дунёнинг 78 давлатидан қарийб 600 нафар спортчи иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси учта медаль билан умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади.
Мамлакатимиз дзюдочилари ҳисобида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали бор. Хусусан, Муҳаммаджон Машарипов (-60 кг) барча рақибларидан устун келиб, жаҳон чемпионига айланди. Саъдулла Равшанов (-81 кг) финал баҳсидаги иштироки билан кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Фазлиддин Рафиқов (+100 кг) шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Умумжамоа ҳисобида Россия Федерацияси 4 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медали билан биринчи ўринни эгаллади. Туркия терма жамоаси 2 та олтин ва 1 та кумуш медаль жамғариб иккинчи, Франция вакиллари 2 та олтин ва 1 та бронза медали эвазига учинчи бўлди. Дзюдо ватани Япония эса 1 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медали тўплаб тўртинчи ўринда қолди.
Шу тариқа, ўз мухлислари қаршисида беллашган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионатини кучли бешликда якунлади. Учта медаль билан қайд этилган ушбу натижа ёш дзюдочиларимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА