Ёш мутахассислар ҳаётга йўлланма олишди
Гулистон тумани Маданият марказининг фаоллар залида Гулистон тумани 1-сон техникумини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга диплом топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Қувонч ва ҳаяжонга бой кечган маросимда битирувчилар, уларнинг ота-оналари, педагоглар ҳамда меҳмонлар иштирок этишди.
Тадбирда Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев сўзга чиқиб, ёшларни ҳаётларидаги муҳим босқич — касб эгаси сифатида мустақил фаолиятга қадам қўяётгани билан самимий табриклади. У мамлакат тараққиёти малакали кадрлар, билимли ва ташаббускор ёшларга таяниши, шу боис битирувчилар ўз билим ва маҳоратини юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, уларга олий таълимда таҳсилни давом эттириш, меҳнат фаолиятида юксак натижаларга эришиш ҳамда эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқишини тилади.

Маросимнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида 2025–2026 ўқув йилини муваффақиятли якунлаган 313 нафар битирувчига давлат намунасидаги дипломлар тантанали равишда топширилди. Улар тикувчилик, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, тракторчи-машинист, агробизнес ва маркетинг агентлиги, ахборот воситалари машиналари ва компьютер операторлиги, электромонтёрлик, асаларичилик ҳамда чорвадорлик каби иқтисодиёт тармоқлари учун муҳим бўлган 8 та мутахассислик бўйича таълимни муваффақиятли тамомлади.

Бугунги кунда техникумда 652 нафар ўқувчи замонавий меҳнат бозори талабларига мос касб ва мутахассисликлар бўйича таҳсил олмоқда. Таълим жараёнида назарий билимларни ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу борада дуал таълим тизими изчил жорий этилмоқда.

— Корхона ва ташкилотлар билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик ҳамда дуал таълим тизимининг изчил татбиқ этилиши битирувчиларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош, замонавий талабларга жавоб берадиган малакали мутахассис сифатида шаклланишига муҳим замин яратмоқда, — дейди техникум директори Соҳиба Расулова.


Тадбир якунида битирувчиларга эзгу тилаклар билдирилди. Улар ўз устозлари билан эсдалик суратларига тушиб, ҳаётларининг яна бир муҳим саҳифасини ёрқин хотиралар билан муҳрладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири