Янги тизимнинг ижобий самараси
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг тамомила янгича тизимига асос солинмоқда. Президент раҳбарлигида жорий йил 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар бўйича аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида “Тезкор штаб” ташкил этилди.
Вазирлар Кенгаши Раисининг барча ўринбосарлари раҳбарлигида вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари ҳудудларга бириктирилди.
Барча мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, унда одамларни бугунидан рози қилиш мурожаатларни ҳал этиш билан чекланиб қолмаслиги, тизимли муаммолар ҳар томонлама ўрганилиб, қонун доирасида ҳал этиш, агар имкони бўлмаса ҳуқуқий тушунтириш бериш, одамларни сарсон қилмаслик, мурожаатларни кўришда одамларни қайта-қайта мурожаат қилишга сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилиш кераклиги таъкидланди. Мазкур масалалар юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Қароқалпоғистон Республикасидан Президент халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонага келиб тушган, ҳал этилмаган жами 26 658 та мурожаатни қайта ўрганиш натижасида бугунги кунга қадар 23 711 та мурожаат кўриб чиқилди. Шундан, бугунги кунга қадар 14 346 та мурожаат ижобий ҳал этилган, 9354 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, халқ қабулхоналари томонидан секторлар ва тегишли вазирликлар биргаликда сайёр қабуллар ташкил этмоқда.
Чимбой туманида республика ишчи гуруҳ вакиллари ва туман сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган қабул жараёнида фуқароларнинг бандлик, уй-жой билан таъминлаш, йўлларни таъмирлаш, имтиёзли кредит олиш каби масалалардаги мурожаатлари тингланди.
Мулоқотларда энг кўп мурожаат бандлик масаласида бўлди. Тумандаги “Кенес” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Мавлюда Даниярова ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмагач, Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилади. Унинг бу масаласи атрофлича ўрганилиб, Мавлюда Чимбой тумани маданият бўлимига ишга жойлаштирилди.
– 2019 йилдан буён иш тополмасдан қийналиб келган эдим, – дейди Мавлюда Даниярова, – Охирида Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Менинг мурожаатим ижобий ҳал этилиб, Чимбой тумани маданият бўлими қошидаги “Зийўар” ашула ва рақс ансамблига бадиий раҳбари этиб ишга қабул қилиндим. Бундан жуда хурсандман. Айни кунда жамоамиз билан мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамига тайёргарлик кӯряпмиз.
Тумандаги “Жамбасжап” қишлоғи аҳолиси узоқ йиллардан буён ичимлик сув масаласида қийналиб келаётган эди. Кимдир артезиан қудуқдан фойдаланса, кимдир ариқ сувларидан истеъмол қилар эди. Айни масалада ҳам бир неча марта мурожаат қилган “Жасбасжап”лиларнинг муаммосига бу галги қабулда ечим топилди. Овулдаги 92 та хонадон учун янги 10,5 километр масофада ичимлик сув тармоғи тортилмоқда.
Ишчи гуруҳ вакиллари Шуманой туманида бўлиб, тумандаги сектор раҳбарлари билан биргаликда “Айбуйир” ва “Бегжап” овул фуқаролар йиғинларида сайёр қабул ўтказди. Унда аҳоли бевосита раҳбарларга мурожаат қилди.
“Мамий” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган Жумабой Ешмуратов ва шу ҳудудда яшовчи одамларнинг мурожаатида кўчалар ва ички йўлларнинг носозлигидан норози эканлиги, имкон қадар бу йўлларни таъмирлаш зарурлиги қайд этилган. Мутасаддилар ушбу мурожаат бўйича амалий ишларга киришди.
– Овул аҳолиси бир неча йилдан буён йӯлнинг носозлигидан ва ичимлик сувидан қийналиб келар эди, – дейди овул фуқаролар йиғини фаоли Ҳабибулло Идирисов. – Мана мурожаатимиздан сӯнг овулимизга ичимлик суви тортилиб, йӯллар таъмирланмоқда.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Кегайли, Бўзатов туманларидаги сектор раҳбарлари иштирокида ташкил этилган қабулларда Президент халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар қайта ўрганилди. Мурожаатчилар билан юзма-юз мулоқот қилинди. Маъсуллар қонун доирасида ечиладиган мурожаатларнинг аксарият қисмини қайта кўриб, ижобий ҳал этиш ҳаракатига киришди.
Бўзатов туманидаги “Қусханатаӯ” овулида яшовчи Ширин Досбергенова ўзи яшайдиган уйи қошидаги ортиқча ерга кадастр ҳужжатини расмийлаштира олмай овора эди. Бирнеча марта қилган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолди. Бугун эса мурожаат қайта ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этилди.
Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни жойида ҳал этиш борасида аниқ ва тезкор чоралар кўрилмоқда. Ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинаяпти. Бу “Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган халқпарвар тамойилнинг яна бир амалдаги исботи.
[gallery-3476]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА