Фаол ва ташаббускор аёллар эътироф этилди
Сирдарё туманида жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаоллик кўрсатаётган, ўз билими, ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги билан эътибор қозонаётган хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ютуқларини кенг жамоатчиликка намоён этиш мақсадида «Йил аёли» миллий танловининг туман босқичи ўтказилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева иштирок этди. У ўз сўзида бундай танловлар хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамиятдаги мавқеи ва фаоллигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юксак натижаларга эришаётган аёлларнинг фаолияти эътирофга лойиқ эканини қайд этиб, иштирокчиларга омад тилади.

Танловда таълим, илм-фан, тадбиркорлик, ахборот технологиялари, маънавият-маърифат ва бошқа йўналишларда фаолият юритаётган, касбий маҳорати, жамоатчилик ишларидаги ташаббуслари ҳамда ибратли ҳаёт йўли билан ажралиб турган хотин-қизлар ўз имкониятларини намоён этишди.

Иштирокчилар белгиланган 11 та номинация бўйича ҳакамлар ҳайъатига ўз фаолияти, амалга оширган ишлари, эришган ютуқлари ва истиқболдаги режалари ҳақида тақдимотлар ўтказдилар. Уларда касбий муваффақиятлар билан бир қаторда, оила ва жамият олдидаги масъулият, ёшлар тарбияси, маҳалла ҳаётидаги фаоллик ҳамда эзгу ташаббуслар ҳам ўз ифодасини топди.

Тақдимотлар жараёнида хотин-қизларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссаси, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш ва маънавий муҳитни юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Барно Сулаймонова ва Зуҳра Раджабова «Йилнинг энг фаол олима аёли», Гулсара Бобохўжаева «Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли», Умида Ҳайитбоева «Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси», Нилуфар Пўлатова «Йилнинг энг яхши IT-дастурчи аёли», Маҳфуза Нарзуллаева ва Мунаввархон Ўроқбоева «Йилнинг энг яхши уй бекаси», Робияхон Муҳиддинова «Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли», Муборак Нуралиева «Йилнинг энг жонкуяр устози», Феруза Таштаева «Йилнинг ватанпарвар аёли», Гулшода Тошбулова эса «Йилнинг энг яхши ижодкор аёли» номинациялари ғолиблари деб топилдилар.

Танлов якунида ғолиблар ва иштирокчилар туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Бир сўз билан айтганда, Сирдарё туманида ўтказилган «Йил аёли» танлови турли соҳаларда ўз ўрни ва сўзига эга бўлган хотин-қизларнинг ташаббуслари ва ютуқларини эътироф этиш майдони бўлибгина қолмай, уларни янги марралар сари руҳлантирувчи муҳим рағбат вазифасини ўтайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири