Янги телефоннинг "IMEI" кодини рўйхатдан ўтказиш — тадбиркор зиммасида
Сўнгги вақтларда Рақобат қўмитасига келиб тушаётган мурожаатлар орасида бир хил ҳолат тез-тез такрорланмоқда. Фуқаро янги телефон сотиб олади, аммо бир неча кун ўтиб у ишламай ёки тармоқдан узилиб қолади. Сабаби эса кутилмаган — қурилманинг “IMEI” коди рўйхатдан ўтмаган бўлади.
Бундай вазиятда кўпчилик энди ўзим рўйхатдан ўтказишим керакми, дея тушкунликка тушади.
Қонунчиликка кўра, “IMEI” кодини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти харидорга эмас, балки ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчига ёки телефонни сотган тадбиркорга юклатилган.
Яъни, сиз дўкондан телефон харид қилар экансиз, у тўлиқ тайёр ҳолда, барча расмий талаблар бажарилган бўлиши шарт. Сиз эса уни қўлга олиб, бемалол фойдаланишингиз керак.
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил давомида бу масала бўйича 147 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг бир қисми ижобий ҳал қилинган, айримларига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бу эса муаммо ҳали ҳам долзарб эканини кўрсатади.
Муаммо қаерда?
Айрим ҳолатларда тадбиркорлар ўз мажбуриятини тўлиқ бажармай, “IMEI” рўйхатдан ўтказилмаган қурилмаларни сотувга чиқармоқда. Натижада эса оддий харидор ортиқча оворагарчиликка дуч келяпти.
Агар “IMEI” кодлари рўйхатдан ўтказилмаган бўлса ёки истеъмолчига бу ҳақда олдиндан маълумот берилмаган бўлса, бу қонунбузарлик ҳисобланади ва бундай тадбиркорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
Шунинг учун, телефон харид қилаётганда фақат нархи ва дизайнига эмас, балки унинг қонуний жиҳатларига ҳам эътибор бериш шарт. Зарур бўлса, сотувчидан “IMEI” ҳолати ҳақида аниқ маълумот сўрашдан тортинмаслик керак.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА