Ишсиз қарздорлар бандлиги таъминланмоқда
Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, бюронинг Навоий вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари иш юритувида мавжуд бўлган суд қарорлари бўйича жами 14 минг 177 нафар алимент тўловчи шахс мавжуд бўлиб, уларнинг 3 минг 457 нафари ишсиз қарздорлар ҳисобланади.
Ушбу қарздорларни иш билан таъминлаш мақсадида ҳокимлик, бандлик бошқармаси ва бюро ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган бўлиб, унга асосан ҳудудларда бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ташкил этилган меҳнат ярмаркаларида 475 нафар алимент тўловчи ишсиз қарздорлар ишга жойлаштирилган.
Шунингдек, саноат ва сервис корхоналарида ишлаш хоҳиши бўлган 285 нафар, хорижда ишлаш истаги бўлган 25 нафар алимент тўловчиларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, ҳозирда уларни даромадли иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири